Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Зуҳра Умрзоқова – миллий спортимизни дунёга танитаётган қиз

2017-10-27 | Спорт

Мамлакатимизда хотин-қизлар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор самарасида халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларда мунтазам ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олаётган спортчи қизларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Ўзбек жанг санъати билан шуғулланаётган ўғил-қизлар орасида мамлакатимиз ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, миллий спортимизни дунёга танитаётган Зуҳра Умрзоқованинг ютуқларига тенгдошлари ҳавас қилади. 

Тошкент педагогика коллежи ўқувчиси Зуҳра ўн ёшидан Чилонзор туманида жойлашган 126-умумтаълим мактабининг ўзбек жанг санъати спорт тўгарагида Бекзод Тўхтасинов қўл остида шуғуллана бошлаган. 

– Унда дастлабки кунларданоқ ўзига хос ҳаракатчанлик, ғалабага бўлган интилишни сезганман, – дейди Б.Тўхтасинов. – У ҳар бир машқни тўла ўзлаштирмагунча тиниб-тинчимайди, уни бехато бажаришга ҳаракат қилади. 

З.Умрзоқова туман ва шаҳар миқёсидаги мусобақаларда тобланиб, 2011 йил мамлакат чемпионлигини қўлга киритди ва биринчи даражали қора белбоғ соҳибасига айланди. 

У 2013 йили Жанубий Кореяда ўтказилган Бутунжаҳон яккакурашлар фестивалида бронза медални қўлга киритди. Ўз олдига жиддий мақсадлар қўйган Зуҳра 2015 йилда мазкур мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди. 

Шунингдек, у ўтган йили Россия, Португалия, Италия ва Қозоғистонда ўтказилган нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. Жорий йилги спорт мавсумида мамлакат биринчилигида ғолиб чиқиб, Жанубий Кореяда ўтказилган Бутунжаҳон яккакурашлар фестивалида яна олтин медални қўлга киритди. 

– Мамлакатимизда биз, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун барча имконият яратилган. Ўзбек жанг санъати билан шуғулланиш менга катта завқ бағишлайди, – дейди Зуҳра. – Мазкур спорт тури орқали биз кўплаб чет давлатларда Ватанимиз маданиятини, спортини намойиш этишдек бахтга муяссар бўлаётганимиздан бахтиёрмиз. 

– Қизим спорт билан шуғулланганидан хурсандман, – дейди унинг онаси Мукаррам Умрзоқова. – Мусобақаларда ғалаба қозонаётганидан фахрланаман, кўзларимда қувонч ёшлари қалқийди. Унинг мана шундай катта натижаларга эришаётгани мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир. 

Баркамол ёш авлодни тарбиялаш, ноёб истеъдод ва қобилият эгаларини муносиб рағбатлантириш юзасидан кўрсатилаётган ғамхўрлик юксак самаралар бермоқда. Йигит-қизларни улкан марралар сари чорлаб, юртимиз шону шавкатини дунёга тараннум этишдек улуғ мақсадлар сари етаклаётир. Буни Зуҳра Умрзоқова каби ёшлар ўқишда ва спортда эришаётган юқори натижалар яққол тасдиқлайди. 

 
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться