Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бугун теннис Фарғона ёшларининг севимли спорт турларидан бирига айланди
2017-10-27 | Спорт
Мамлакатимизда навқирон авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли юртимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари, жумладан, теннис ҳам тобора оммалашмоқда.
Теннис бугун ёшларимизнинг севимли спорт турларидан бирига айланган. Халқаро мусобақаларда Ватанимиз байроғини баланд кўтараётган Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Темур Исмоилов, Жўрабек Каримов, Нигина Абдураимова, Сабина Шарипова, Камола Умарова каби моҳир теннисчиларга ҳавас қилиб, ушбу спорт сирларини ўрганишга бел боғлаган ёшлар сафи кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Уларнинг теннис билан шуғулланиши учун барча шароит яратилаётир. Айни пайтда мамлакатимизда 25 мингдан зиёд йигит-қиз теннис билан мунтазам шуғулланмоқда.
Фарғона вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабининг теннис бўлимида тарбияланаётган иқтидорли спортчилар Ватанимизнинг жаҳон спорт ареналаридаги обрў-эътибори янада юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ушбу мактаб дастлаб Фарғона теннис мактаби сифатида 1995 йил ташкил этилди ва “Истиқлол” теннис мажмуаси қурилди. 2012 йил мажмуага вилоят болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари теннис спорт мактаби мақоми берилди.
2016 йил 1 мартдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 11 декабрдаги “Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан вилоят болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари теннис спорт мактаби, вилоят болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари спорт ўйинлари мактаби ва “Кимёгар” комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари негизида Фарғона вилоят спорт ўйинлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ташкил этилди, унда қатор спорт турлари, жумладан, теннис бўлими фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда мазкур бўлимда 165 спортчи теннис билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
– Фарғона вилоят ҳокимлиги ва вилоят теннис федерацияси билан ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган “Истиқлол” теннис мажмуасида машғулотлар ва мусобақалар ўтказиш учун барча шароит етарли, – дейди мактаб директори Собирхўжа Саидхўжаев. –Шунингдек, машғулотлар ўтказиш учун теннис девори, майдони мавжуд. Спортчи-ўқувчилар учун 300 метрлик югуриш йўлаги асфальт қопламаси ётқизилиб, қайта қурилди.
– Устозларимиз биз, ёшларда спортчилик салоҳиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади, – дейди ёш теннисчи Жамшид Ражабов. – Машғулотлар давомида тенниснинг муҳим жиҳатлари – сезгирлик ва чаққонлик, тез қарор қабул қила олишни ўргатади. Бу хислатлар спортчи учун жуда зарур. Биз келажакда нуфузли мусобақаларда ғолиб чиқиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришга аҳд қилганмиз.
– Мактабимизда теннисчиларимизнинг малакасини янада ошириш учун икки йиллик "Спортда камолотга эришиш" ўқув-машқ гуруҳи тузилган, – дейди мураббий Диёрбек Йўлдошев. – Биз мураббийлар машғулотлар вақтида ёш спортчиларга югуриш, ўйин тактикаси, тезкорлик каби қатор машқларни ўргатиш билан бир қаторда уларнинг назарий билимларини ҳам ошириб борамиз.
Ҳар йили Ўзбекистон теннис федерацияси ва Халқаро теннис федерациясининг тақвим режаси асосида «Истиқлол» теннис мажмуасида 4 та йирик халқаро турнир – эркаклар ўртасида «Fergana Challenger», хотин-қизлар ўртасида «Fergana Women's», 18 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида «Fergana CUP» ва 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ҳамда қизлар ўртасида «Fergana ATF» халқаро турнирлари билан бир қаторда 13 та республика миқёсидаги мусобақалар ўтказилиши анъанага айланган.
Бугунги кунда теннис мактаби битирувчиларидан Бобур Комилжонов, Қодиржон Одилов, Шаҳзода ва Шаҳноза Ҳотамовалар, Сарвиноз Саидхўжаева қатор йирик турнирларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Хусусан, С.Саидхўжаева халқаро майдондаги илк ғалабасига 2011 йил Малайзияда ўтган халқаро турнирда эришди. Шундан сўнг, кўплаб нуфузли турнирларда муносиб иштирок этди. 2012-2015 йилларда Ўзбекистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Қозоғистон, Таиланд сингари қатор давлатларда ўтказилган ITF мусобақалари тақвимига кирувчи халқаро турнирларнинг яккалик ва жуфтлик баҳсларида совриндор бўлди.
2015 йил Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси бўлган Сарвиноз Фарғона шаҳрида ўтган талаба-ёшларнинг “Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг теннис бўйича баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Мусобақанинг аралаш жуфтлик баҳсларида Одил Акрамов билан бирга биринчи ўринни эгаллади. Жорий йилда Хитой Тайпейида бўлиб ўтган талабалар ўртасидаги Бутунжаҳон универсиадасида муносиб иштирок этди.
Сарвиноз сингари умидли теннисчиларимизнинг халқаро мусобақалардаги илк қадамлари, ютуқлари мамлакатимизда спортни, жумладан, теннисни ривожлантириш, ўсиб келаётган авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган доимий эътибор самарасидир.
Манба: ЎзА