Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қарор ва ижро: Дорихоналар лицензияси янгиланмоқда
2017-10-27 | Жамият
Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон ва тиббиёт воситалари билан таъминлаш давлатимиз ижтимоий ҳимоя сиёсатининг муҳим йўналишларидандир. Шу боис кейинги бир йил давомида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, хорижда ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш тизими жорий этилди. Фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди, маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни кенгайтириш ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун маҳаллий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017-йил 17-июлдаги “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларнинг навбатдаги босқичи сифатида аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг тақчиллиги вужудга келишининг олдини олишга хизмат қилаётир.
Қарорда дорихоналар фаолиятини ташкил этиш бўйича янгидан жорий этилган талабларга асосан уларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш бўйича амалдаги лицензияси 2018-йил 1-январга қадар қайта расмийлаштирилиши шарт экани белгиланган. Қайта расмийлаштириш ишлари янги лицензияловчи орган – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилмоқда. Шунингдек, ушбу мақсад учун ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари тузилмасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбалари ташкил этилди.
– Янги ташкил этилган шўъбага фармацевтика соҳасида олий маълумотга ва меҳнат стажига эга икки нафар юқори малакали мутахассис ишга қабул қилинган, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси дори воситалари ва тиббиёт буюмларини чакана сотиш соҳасида лицензия талаб ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш шўъбаси мудири Ойдин Қаюмова. – Фаолиятимизни вилоятдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчиларга мазкур қарор моҳиятини, қайта лицензиялаштириш тартибларини тушунтиришдан бошладик. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш учун лицензия бериш бўйича тузилган вилоят комиссияси билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга ошираяпмиз.
Ҳозиргача “Ягона дарча” марказлари орқали вилоятимиздаги 140 дан ортиқ дорихонани қайта лицензиялаш учун ариза қабул қилинди. Ўндан ортиқ ариза нотўғри расмийлаштирилгани боис қайта топшириш учун қайтарилди. Афсуски, ана шу 140 та ариза асосида лицензия бериш учун дорихоналар фаолияти, уларда мавжуд шарт-шароитлар ўрганилганда, аксарият муассасаларда кўплаб камчиликлар борлиги аниқланди. Жумладан, дорихоналар иссиқ сув таъминоти ва иситиш тизимига эга бўлмагани, бинога киришда пандус ўрнатилмагани, жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан тўлиқ таъминланмагани кузатилиб, камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгиланди ва қайта мурожаат қилиши тушунтирилди.
Вилоят комиссияси айни пайтгача 47 дорихона муассасасига дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланиш учун лицензия берди. Ушбу лицензияларнинг 26 таси “Самарқанд дори-дармон” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган ижтимоий дорихоналар ҳисобланади.
Бугунги кунда Самарқанд вилоятида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи 900 га яқин дорихона мавжуд. Ушбу муассасалар 2018-йилнинг 1-январидан фаолиятини давом эттириши учун йил якунига қадар қайта лицензиялаштиришдан ўтиши лозим.
Манба: ЎзА