Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ёнғоқ етиштиришда илғор тажриба қўл келади
2017-10-27 | Жамият
Пойтахтимизда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ҳамда “Mevali plants” компанияси томонидан Калифорниянинг “Chandler” ёнғоқ нави парваришида муҳим жиҳатлар, юқори ҳосилдорлик сирлари, экспорт қилиш масалаларига бағишланган бизнес-семинар ташкил этилди.
Унда олимлар, ёнғоқ кўчатлари ва ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлар, ёнғоқ етиштиришда илмий асосланган усуллар ва интенсив технологияларни кенг жорий этиш билан шуғулланувчи туркиялик мутахассислар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифи чоғида фермер ва деҳқонлар, аҳоли билан учрашиб, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш борасида зарур кўрсатмалар бериб келади. Хусусан, ҳудудлар табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ёнғоқзорлар яратиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатдош ёнғоқлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарорга мувофиқ, Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси тузилди. Эндиликда мазкур уюшма серҳосил ёнғоқ плантацияларини яратиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш, ёнғоқ етиштирувчилар малакасини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш бўйича ташкилий ишларни бажаради.
“Mevali plants” Туркия ишбилармонлари билан ҳамкорликда тузилган Марказий Осиёда илк кўчат етиштирувчи компания ҳисобланади. Бугунги кунда компания интенсив боғлар учун халқаро андозаларга мос ўндан зиёд мева кўчатларини етиштирмоқда. Шунингдек, боғдорчилик ширкатларига боғ парвариши, томчилаб суғориш тизимини татбиқ этиш ва ўсимликларни ҳимоялаш борасида илмий-амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Мамлакатимизда ёнғоқ етиштиришга алоҳида эътибор қаратилиши “Mevali plants” компанияси жамоасини ҳам янги ташаббуслар сари ундади. Натижада “Chandler yong‘oq bog‘lari” бренди ташкил қилиниб, ёнғоқ кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди.
– Юртимизнинг мусаффо ҳавоси, ширин сувидан тўйиниб етишган ҳар қандай мевага хорижда ҳам талаб юқори, – дейди "Mevali plants" компанияси таъсисчиси Улуғбек Холматов. – Бугунги кунда мамлакатимизда ёнғоқзорлар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Уларда ички ва ташқи бозорларда харидоргир ёнғоқ навлари парваришланмоқда. Мақсадимиз бу борада энг илғор хориж тажрибасини ҳаётга татбиқ этиш, маҳсулотимиз тури ва ҳажмини кўпайтириш, дунё бозорларига кириб бориш.
Тадбирда ёнғоқ етиштиришда жаҳон тажрибаси, Ўзбекистон иқлимининг афзалликлари, ёнғоқнинг иқтисодий, тиббий фойдаси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Ўзбекистоннинг табиий-иқлим шароити лалми ерларда, хусусан, тоғли ҳудудларда ёнғоқ етиштириш ва ундан мўл ҳосил олиш учун жуда қулайдир, – дейди туркиялик профессор Берат Гюлжан. – Биз замонавий ёнғоқ плантацияларини ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулотни экспорт қилиш борасидаги янги лойиҳалар билан танишиб чиқдик. Ёз ойида бир гуруҳ ўзбекистонлик мутахассислар Туркияда ёнғоқчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб қайтди. Бу келгусида ёнғоқчиликни ривожлантириш, кўзланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Калифорниянинг “Сhandler” ёнғоқ нави жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади. Юқори ҳосилдорлиги, ёз фасли узоқ давом этадиган ҳудудларда мева сифати яхши бўлиши, иқлимга мослашувчанлиги, мағзи тўқлиги билан ажралиб туради. Дарахт май ойида уйғонади, совуққа чидамли, сентябрь ойи охирларида ҳосили йиғиб олинади. Мева мағзининг оғирлиги 6-6,5 граммни ташкил қилади. “Сhandler” ёнғоқ дарахти бешинчи йилда 5-10 килограмм, тўққизинчи йилдан эса 40 килограммдан ортиқ ҳосил беради. Ҳозирги кунда мазкур ёнғоқ навининг плантациялари Туркия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Франция, Руминия, Болгария, Украина, Австралия, Чили каби дунёнинг турли давлатларида ташкил этилмоқда.
Семинарда мутахассислар мазкур ёнғоқ навининг парвариши билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида гапириб берди.
Манба: ЎзА