Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда Жаҳон банки тадбири
2017-10-27 | Жамият
Тошкентда Давлат маблағларини бошқаришни ўзаро ўрганиш ва тажриба алмашиш ҳамжамиятининг (PEMPAL) Ички аудит ҳамжамияти ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Тадбир Жаҳон банки ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Албания, Арманистон, Беларусь, Болгария, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Венгрия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Македония, Молдова, Голландия, Россия Федерацияси, Руминия, Сербия, Буюк Британия, Тожикистон, Украина, Франция, Хорватия, Черногория, Чехия ва Жанубий Африка Республикаси молия органлари вакиллари қатнашди.
Ички аудит ҳамжамияти давлат маблағларини бошқариш соҳаси, шунингдек, Жаҳон банки, 20 дан ортиқ давлатнинг молия вазирликлари ва ғазначилик органлари мутахассисларини бирлаштиради. Учрашув давлат молиявий назорати ва ички аудит соҳасида ислоҳотлар ўтказиш бўйича фикр алмашиш, қўшма тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари А.Ҳайдаров, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Х.Мори ва бошқалар ушбу ҳамжамият фаолияти амалиётчи мутахассислар учун давлат маблағларини бошқариш борасида фикр алмашиш, тизимни ислоҳ қилиш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича ҳамкорликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имкониятини бераётганини таъкидлади.
Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон ички аудит тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида маълумотга эга бўлди, ушбу тадбирлар самарадорлигини янада оширишга оид фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Мамлакатимизда ички аудит ва молиявий назорат механизмлари тобора ривожланаётгани қайд этилди. Шу мақсадда Президентимиз қарорига биноан дастлабки босқичда соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва олий таълим соҳаларига ички аудит ва моливий назорат тизими жорий этилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат молия назорати тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқиш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда. Қонун лойиҳаси оммавий муҳокама учун ҳукумат порталига жойлаштирилган. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2018 йилларда Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурида ҳам молия назорати, ташқи ва ички аудит институтларини янада мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашиш тадбирларида уларнинг иштирокини фаоллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Йиғилиш доирасида халқаро экспертлар томонидан ҳамжамиятга аъзо мамлакатларда ички аудит тизимини ислоҳ қилиш масалаларига доир амалий машғулотлар ўтказилди.
Ялпи мажлис якунида ушбу йўналишда кўп қиррали ҳамкорликка оид навбатдаги стратегия белгилаб олинди, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА