Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг Туркияга давлат ташрифи самарали бўлди
2017-10-27 | Сиёсат
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан 2017 йил 25-26 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Туркияда бўлди.
Давлат раҳбарларининг музокаралари 25 октябрь куни Анқара шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Президентлар икки мамлакат ҳамкорлигини янги, стратегик босқичга кўтаришга замин яратадиган Қўшма баёнотни имзолади.
Шунингдек, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 20 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар самарали бўлгани, эришилган келишувлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни Туркия Буюк миллат мажлисига ташриф буюрди.
Буюк миллат мажлиси Туркия Республикасининг олий қонун чиқарувчи органидир. Унга 1920 йил 23 апрель куни асос солинган. Бугунги кунда тўрт партия Мажлисда ўз фракциясига эга.
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия Буюк миллат мажлиси Спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашди.
Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг музокараларида парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилган эди. Туркия парламентидаги мулоқотда мазкур йўналишдаги алоқаларни мустаҳкамлаш, парламентлар фаолияти ва парламент назорати шакллари бўйича тажриба алмашиш масалаларига эътибор қаратилди.
Буюк миллат мажлиси Спикери Ўзбекистонда демократияни мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаётида парламент ролини ошириш борасидаги ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Президентимиз Буюк миллат мажлиси фаолияти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев куннинг иккинчи ярмида Истанбул шаҳрига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдиримни қабул қилди.
Учрашувда Анқарада бўлиб ўтган олий даражадаги музокараларда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасида савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар имзолангани юқори баҳоланди.
Мулоқотда мазкур келишувларни амалга ошириш, икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига эътибор қаратилди. Томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим иштирокида икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда олий даражадаги мулоқотлар самарасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган ҳужжатлар улкан аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунингдек, 26 октябрь куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани таъкидланди.
Президентимиз яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Туркия компаниялари раҳбарларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди.
Туркиялик ишбилармонлар Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратгани таъкидланди.
Инвесторлар ва йирик компаниялар билан тўғридан-тўғри алоқаларга қулай шароит яратилаётгани, мамлакатимизда Туркия бизнес маркази ташкил этилиши маълум қилинди.
Очиқ ва амалий руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди, томонларни қизиқтирган аниқ лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат компаниялари ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди.
Давлатимиз раҳбари ташриф дастури доирасида Истанбул шаҳридаги машҳур Топкапи саройини бориб кўрди. XV асрда қурилган ва кейинчалик музейга айлантирилган мазкур сарой тарихи, бу ердаги қадимий экспонатлар билан танишди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ташриф давомидаги учрашув ва музокаралар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА