Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент Шавкат Мирзиёев Туркия молия ва ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди
2017-10-27 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Бош вазири Бинали Йилдирим иштирокида икки мамлакат молия ва ишбилармон доиралари учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда олий даражадаги мулоқотлар самарасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида имзоланган ҳужжатлар улкан аҳамиятга эга экани қайд этилди. Шунингдек, 26 октябрь куни Истанбулда ўтказилган икки мамлакат ишбилармон доиралари бизнес-форумида йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмаларини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолангани таъкидланди.
Президентимиз ишбилармонларнинг Ўзбекистонда бизнес юритиш борасидаги фикрлари билан қизиқди.
Туркиялик ишбилармонлар Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Валюта бозори эркинлаштирилгани, виза олиш тартиби соддалаштирилгани ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулайликлар яратгани таъкидланди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Туркиянинг молия ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА