Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инновациялар – тараққиёт омили
2015-04-01 | Технологиялар
Тошкент давлат шарқшунослик институтида илмий-техник ва инновацион тараққиётнинг муҳим жиҳатларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мустақил изланувчи тадқиқотчилар, талабалар иштирок этди.
Мазкур анжуман Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилди.
Мамлакатимизда илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётир.
Тадбирда миллий инновация тизимларини ривожлантириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини шакллантириш, илмий-техник салоҳиятни мустаҳкамлаш, муҳим тадқиқотлар ва инновация жараёнларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.
– Илмий амалиёт, ишлаб чиқариш, янги технологияларни яратиш жараёнларида олий ўқув юртимиз талабалари фаол иштирок этмоқда, – дейди институт проректори Гулчеҳра Рихсиева. – Мазкур илмий-амалий анжумандан кўзланган мақсад тадқиқотчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ўз билим ва салоҳиятини намойиш этишига кўмаклашишдир.
Глобал илмий-техник ва инновацион жараёнлар ва уларнинг асосий йўналишлари, хорижий мамлакатлар тажрибалари, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Манба: ЎзА