Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Олий судида учрашув
2017-10-25 | Жамият
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг бўлажак ўн иккинчи мажлиси доирасида 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов билан Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси К.Мамининг учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кенг кўламли ҳамкорлик барча йўналишда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди. Мамлакатларимиз раҳбарларининг мунтазамлик касб этган учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Қозоғистон Республикаси Олий суди ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат икки мамлакат суд ҳокимияти олий органлари ўртасида ҳамкорлик ва ўзаро англашувнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Меморандум доирасида суд тизимини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим институти сифатида такомиллаштиришни илмий-таҳлилий ҳамда ахборот жиҳатидан таъминлаш орқали суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашиш билан боғлиқ тадбирлар кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов шу куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Шоҳиён ва Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси А.Токбаева билан ҳам учрашувлар ўтказди.
Тадбирлар давомида меҳмонларга Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида изчил олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди. Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мунтазам тажриба алмашиб туришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Манба: ЎзА