Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Пухта тараддуд – мўл ҳосил гарови

2015-04-01 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида пилла мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда «Пилла» бирлашмалари ҳамда ипак қурти уруғчилиги ва пиллани қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш.Тешаев ва бошқалар мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, хусусан, қимматбаҳо хомашё бўлган пилла етиштиришни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор соҳадаги муваффақиятлар омили бўлаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 15 ноябрдаги "Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори пилла етиштиришни кўпайтириш ва унинг сифатини яхшилашда дастуриламал бўлаётир.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида ипак қурти уруғлари ўзимизда яратилиб, четдан ипак қурти уруғи олиб келиш камаймоқда. Жорий мавсумда пиллакорларга олимларимиз яратган "Ипакчи-1", "Ипакчи-2", "Ўзбекистон-5", "Ўзбекистон-6" каби серҳосил, иқлим шароитимизга мос ва касалликларга чидамли уруғлар тарқатилади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги пиллачиликни ривожлантириш бошқармасидан маълум қилишларича, мамлакатимизда бу йил 26 минг тоннадан зиёд қимматбаҳо саноат хомашёси тайёрланади. Айни пайтда ипак қурти уруғини сифатли жонлантириш мақсадида 4 минг 445 инкубатория тайёр ҳолга келтирилди. Уларга ипак қурти уруғларини жонлантирувчи мутахассислар тайинланди.

Мавсумда тут барги танқислигининг олдини олиш мақсадида мавжуд тутзорларда баҳорги юмушлар жадал давом эттирилмоқда. Ширкат хўжаликларидаги тутзорлар фермерлар ихтиёрига берилгач, ипак қуртининг озуқа базасини мустаҳкамлашга эътибор янада кучайди. Хусусан, жорий йилда 1 минг 240 гектар майдонда тутзорлар барпо этиш ишлари олиб борилаётир. Шунингдек, 16 миллиондан ортиқ тут кўчати экиш мўлжалланган. Ҳозирга қадар 11,5 миллион дона кўчат экиб бўлинди.

Соҳадаги муҳим тадбирлардан яна бири пиллакорлар билан шартнома тузишдир. Қабул пунктлари билан фермер хўжаликлари ўртасида пилла етиштириш юзасидан шартномалар тузиш якунланди. Айни кунларда фермер хўжаликлари билан пиллакорлар ўртасида меҳнат шартномалари тузилмоқда. Ипак қурти боқувчиларнинг тажрибасини ошириш мақсадида уларнинг барчаси жойларда ташкил этилган қисқа ўқув курсларига жалб этилмоқда. Ипак қурти боқувчиларни бўнак пули ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш давом этаётир.

Тадбирда жойларда уруғ жонлантиришни мутахассислар тут баргининг ривожига қараб белгилаши, тутзорларга ишлов бериш, пилла парваришида агротехник қоидаларига амал қилиш, янги кўчатлар экиш юзасидан фикрлашилди.

Манба: ЎзА

Поделиться