Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масаласи халқаро давра суҳбати марказида бўлди

2017-10-25 | Жамият

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий технологиялар: ҳуқуқий, техник ва инвестицион ечимлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, қатор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, олимлар, экология, тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари, Россия, Беларусь, Латвия, Италия, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлардан келган ишлаб чиқарувчилар, экспертлар қатнашди. 

Иштирокчилар дастлаб “Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди. Бу ерда илғор тажрибалар асосида рангли металлар, муддатини ўтаган аккумуляторлар, батареялар, электрон жиҳозлар ва бошқа турдаги чиқиндиларни йиғиб олиш, қайта ишлаш бўйича ишлар йўлга қўйилган. 

– Бир қатор йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этдик. Улардан бири Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган “Табиатга имкон беринг” лойиҳасидир, – дейди завод бўлим бошлиғи М.Саидов. – Унга кўра, юридик ва жисмоний шахслардан яроқсиз, эскирган электротехника воситаларини қабул қиламиз ва уларга савдо мажмуаларидан янгиларини имтиёзли сотиб олиш учун чегирмали купонлар тақдим этамиз. Биз эса қабул қилинган техника воситалардан кундалик турмушимиз учун зарур бўлган маҳсулотлар тайёрлаймиз. Лойиҳаларимиздан яна бири эски автомобиллар утилизацияси билан боғлиқ. Эндиликда бизга мурожаат қилган ташкилотларнинг автомобилларини тегишли тартибда харид қиламиз ва қайта ишлашга йўналтирамиз. Келгусида бу каби лойиҳаларни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз. Бу ҳам аҳоли манфаатлари ва табиат мусаффолигини таъминлашга хизмат қилади. 

Халқаро давра суҳбатида бугунги кунда маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар, уларни зудлик билан ҳал этиш йўллари муҳокамалар марказида бўлди. 

Мутахассислар фикрича, ҳали-ҳамон қаттиқ маиший чиқиндиларни бирламчи саралашнинг аниқ механизми яратилмаган. Уларни полигонларда сақлаш усули сақланиб қолмоқда. Оқибати аён: бу қаттиқ маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш мумкин бўлган фойдали компонентларнинг йўқолишига, чиқиндилар миқдорининг ортиб боришига, уларни сақлаш учун қўшимча майдонлар ажратишга, атроф-муҳит ифлосланиши ва инсонлар саломатлигига зарар етказишга сабаб бўлмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда аксарият чиқиндилар полигони экологик ва санитар талабларга жавоб бермайди. Улар атмосфера, тупроқ, ер ости ва усти сувларини ифлослантирувчи, турли юқумли касалликлар манбаига айланган. 

Ўзбекистонда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳим ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни бевосита тартибга солувчи 15 дан зиёд қонун, 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Пировардида, мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, чиқиндиларнинг фуқаролар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизими янада такомиллашди. 

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда тараққиёт ва хавфсизликка эришишга қаратилган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар изчил ва босқичма-босқич амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. 

– Чиқиндиларни қайта ишлаш борасида Ўзбекистонда самарали чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётгани гувоҳи бўлдик, – дейди “Сифания-экотехника” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси директори С.Захаров (Беларусь). – Хусусан, чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари сони ортаётгани, бунда хусусий сектор вакилларининг фаол иштироки эътиборли ва яхши натижа беради. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан атроф-муҳит муҳофазаси ва бирламчи хомашёлардан фойдали маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликда ишлашга келишиб олдик. 

Халқаро давра суҳбатида табиий ресурслардан самарали фойдаланиш учун чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилаш, бир хил турдаги чиқиндилар гуруҳлари билан ишлаш борасида минтақавий экологик дастурларни рўёбга чиқариш амалиёти ва бошқа мавзуларга бағишланган маърузалар тингланди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться