Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ипакчилик ривожида янги босқич

2017-10-25 | Иқтисодиёт

Пойтахтимиздаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида “Сифатли ва рақобатбардош пилла хомашёси етиштиришнинг долзарб муаммолари” мавзуида анжуман ўтказилди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий ишлаб чиқариш маркази бош директори ўринбосари Б.Ҳолиқов,“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Ш.Умаров ва бошқалар Ўзбекистонда ипакчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, жаҳон бозорига рақобатбардош тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожида дастуриламал бўлаётир. Унга кўра, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти томонидан тут навлари, ипак қурти зотларини кўпайтириш, фермер хўжаликларининг ипак қурти уруғи ва тут кўчатларига бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

Кейинги йилларда илмий жамоада 20 дан ортиқ истиқболли тут навлари ва яна шунча ипак қурти зот ва дурагайлари яратилди. Давлат реестрига киритилган ипак қурти ва тут навларининг юқори кўрсаткичга эга бўлганлари танлаб олинди. Ипак қуртининг “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6”, “Ипакчи-1”, “Баҳор-1” “Олтин водий”, “Наврўз” ҳамда тутларнинг “Сурх-тут”, “Жарариқ-8”, “Топкросс-3” каби дурагайлари шулар жумласидандир. Ҳозир юртимизда боқилаётган ипак қуртининг 55-60 фоизи институт олимлари томонидан яратилган. Шунингдек, ипак қурти уруғини тайёрлаш, боқиш, пиллага дастлабки ишлов бериш, тут ниҳолларини етиштириш бўйича технологик карталар ишлаб чиқилди. Марказлаштирилган ипак қуртини боқиш интенсив технологияси яратилди. 

– Бу ерда тайёрланган сифатли пилла уруғларини парваришлаб ҳар йили мўл ҳосил олмоқдамиз, – дейди Хоразм вилоятидаги ҳудудий “Агропилла” масъулияти чекланган жамияти бош агрономи Отахон Оллаберганов. – Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида ноёб жаҳон коллекциялари – ипак қуртининг 120 зот ва тут навларининг 239 турини кўрдик. Шунингдек, соҳага тегишли турли хилдаги ускуна ва жиҳозлар билан ҳам яқиндан танишдик. 

Жорий йилда юртимизда икки марта пилла етиштирилди. Демакки, озуқа масаласини ҳал этиш кун мавзуси. Анжуманда қайд этилишича, такрорий ипак қурти боқишнинг янги комплекс технологияси Фарғона, Самарқанд, Навоий вилоятларида муваффақиятли синовдан ўтган. Ушбу технологияга кўра, 150 минг қути ипак қурти боқиш, 6-7 минг тонна қўшимча пилла етиштириш ҳамда 150 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мумкин экан. 

Айни вақтда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Болгария, Россия, Украина, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон каби мамлакатлар билан ипакчиликнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилинмоқда. 

– Бугун институтдаги ишланмалар ва илмий изланишлар билан яқиндан танишдик, – дейди Шанхайдаги “Сanyaoshiye” компанияси бош менежери Ли Вен Сиан. – Эътиборимизни пилла толаларининг узун ва ингичкалиги тортди. Бундай толалар жуда сифатли ҳисобланади. Бизнинг корхонамиз ипак қурти етиштириш ва мато ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шу боис институт билан ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этишни режалаштираяпмиз. 

Анжуманда ипакчиликни механизациялаштириш, тут дарахти селекцияси ва агротехникаси, ипак қурти биотехнологияси ва озиқлантириш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться