Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Учтепадаги 78-умумий ўрта таълим мактаби биноси капитал таъмирланди
2017-10-24 | Жамият
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йилнинг 16 июнь куни пойтахтимизнинг Учтепа туманига ташриф буюрган эди.
Хусусан, ташриф давомида Президентимиз тумандаги бир нечта объектлар, маҳалла ва таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар, ютуқ ва камчиликлар билан танишиб, зарур кўрсатмалар берган эди. Тумандаги «Ватан» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 78-умумий ўрта таълим мактабини капитал таъмирлаш бўйича топшириқлар берганди. Ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу мактаб капитал реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди.
Капитал реконструкция қилинган мазкур мактабнинг тантанали очилиш маросимида ана шулар ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар навқирон авлоднинг замонавий таълим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитни яратишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Бутунлай янгича кўринишда реконструкция қилинган мактаб биносида ўқувчиларнинг таълим олиши учун барча шароит яратилган. Мактаб кутубхонаси фонди зарур дарслик ва адабиётлар билан бойитилди. Информатика хонасида ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиши учун барча шароит мавжуд бўлиб, у ердаги компьютерлар «ziyonet» интернет тармоғига уланган. Кенг ёруғ синфхоналар замонавий тарзда жиҳозланган. Айниқса, кимё, биология хоналарининг лабаратория жиҳозлари билан таъминланганлиги дарсларни жонли тарзда, назария билан амалиёт уйғунлигида олиб боришга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда 1 минг 139 ўғил-қиз таълим олаётган мактабда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида спорт зали ва спорт майдончаси замон талаблари даражасида таъмирланиб, зарур спорт анжомлари ва инвентарлари билан тўлиқ жиҳозланди.
Янги мактабда яратилган қулай шароит нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки ота-оналар, маҳалла аҳлининг ҳам кўнглини шод қилди.
– Фарзандининг энг яхши шароитлардаги таълим муассасаларида ўқиши, яхши таълим-тарбия олиб, келажакда комил инсон бўлиб камолга етиши ҳар бир ота-онанинг энг катта мақсади, орзу, ниятидир, – дейди Васила Турдиева. – Бу мактабда икки фарзандим таълим олади. Мактабнинг олдинги ҳолати билан бугунги кўриниши ўртасидаги фарқни кўриб, кўнгилларимиз тоғдек кўтарилди. Таъмирталаб бўлиб қолган мактаб биносининг нафақат ташқи кўриниши, балки атрофи, ҳовлиси ҳам ташландиқ аҳволда эди. Бугун эса замонавий синфхоналарни, шинам ҳовлини кўриб жуда хурсанд бўлдик. Биз, ота-оналарнинг орзу-ниятларини амалга ошириб, фарзандларимизга ана шундай кўркам таълим даргоҳини туҳфа қилган давлатимиз, Президентимиздан миннатдормиз.
Манба: ЎзА