Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бухорода “Бухоро шаҳри куни” фестивали бўлиб ўтди

2017-10-24 | Жамият

Фестиваль доирасида марафон, савдо ярмаркалари, миллий таомлар кўрик-танлови ва бошқа турли танловлар, кўргазма, илмий-амалий конференция ва гала-концерт ташкил этилди.

Тадбир “Мен Бухорони севаман” марафони билан бошланди. Кўҳна ва боқий Бухоронинг "Тоқи Саррофон", "Тоқи Заргарон", "Тоқи Телпакфурушон" мажмуалари ва эски шаҳар қисмида фольклор жамоалари чиқиши, миллий таомлар шоҳи саналган палов тайёрлаш мусобақаси, “Бухоро – очиқ осмон остидаги музей” шиори остида расмлар кўргазмаси бўлиб ўтди. 

Президентимизнинг жорий йил 19 майдаги 2017-2021 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида ўтказилган фестиваль вилоят ҳокимлиги, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Фестивалда мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди. 

Бухоро қадимий меъморий обидалари, бетакрор ҳунармандлиги, боқий қадрият ва анъаналари билан бутун дунёдан сайёҳларни ўзига мафтун этиб келмоқда. 

Фестивалда зардўзлар, заргарлар, каштачилар, гилам тўқувчилар, темирчи усталар, миниатюрачи рассомлар, мис ва ёғоч ўймакорлари томонидан маҳорат дарслари ўтказилди. 

Ўзбек фольклор санъатида Бухороннинг ўзига хос ўрни бор. Айни пайтда вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳари ҳам ўзига хос йўналишга эга. 

– Бухоронинг қадимий ёдгорликлари ҳақида кўп эшитганман, – дейди голландиялик сайёҳ Саад Жавар. – Улар ҳақиқатан ҳам гўзал, салобатли, сержило экан. Бу обидаларни томоша қилар эканман, ўзимни гўё ўтмишда юргандек ҳис этдим. Саёҳатим шундай ажойиб фестивалга тўғри келганидан янада хурсанд бўлдим. Чунки, бундай ҳайратланарли тадбирларни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Фольклор жамоалари ижросидаги қўшиқлар сўзига тушунмасам-да, унинг ўйноқилиги, авжи, мафтункорлиги мени бутунлай сеҳрлаб қўйди. Нота ва дирижёрсиз ижро этиладиган халқона қўшиқлар Европада йўқ. Ҳақиқатан жозибали, одамнинг ҳавасини тортади. Бундай тадбирлар ҳар қандай сайёҳни ҳам мафтун этиши турган гап. 

Фестиваль доирасида ўтказилган кураш мусобақасида 100 дан зиёд полвон 8 вазн тоифасида гиламга тушган бўлса, 10 дан ортиқ ошпаз Бухороча ва Андижонча палов тайёрлаб, меҳмонларга тақдим этди. 

– Бир гуруҳ сайёҳлар қатори мени ҳам ошга таклиф қилишди, – дейди россиялик сайёҳ Елена Тянева. – Палов жуда зўр экан, айниқса, қандай зираворлар ишлатилган билмадиму, лекин бунақасини бошқа ҳеч қаерда тайёрлаша олмайди. Ҳиди димоғингиздан кетмайди. 

Тадбир доирасида вилоят мусиқали драма театрида “Кўҳна ва боқий Бухоро” мавзуида илмий-амалий анжуман ҳам ўтказилди. Унда тарихчи ва этнограф олимлар қадим шаҳар ўтмиши, анаъаналари ҳақида сўз юритиш баробарида, Бухорога сайёҳларни жалб этишга қаратилган лойиҳалар хусусида фикр алмашди. 

Бухоро вилоятида айни пайтда 120 дан зиёд меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Фестивалда сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини тарғиб қилишга қаратилган “Энг яхши меҳмонхона”, “Энг яхши тур-фирма” кўрик-танлови ҳам ўтказилди. 

Фестиваль вилоятнинг таниқли ва ёш санъаткорлари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди. 

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться