Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшлар – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи

2015-04-01 | Жамият

Пойтахтимизда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Васийлик кенгаши аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган мамлакатимизда 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокама этилди.

Ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши ёшларимизнинг бугун қандай таълим-тарбия олиши, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб келишига боғлиқ.

"Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида", "Таълим тўғрисида"ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ёшларга замонавий стандартлар асосида таълим-тарбия бериш, иқтидори ва истеъдодини юзага чиқариш, уларни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш имконини бермоқда.

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замон ёшлар таълим-тарбиясига янада эътиборли бўлиш, ёш авлодни жисмонан бақувват, маънан соғлом этиб тарбиялаш ишларини янада такомиллаштириш, бу борадаги вазифаларни аниқ белгилаб олишни тақозо этмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастурида етти йўналишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамкорлигида кўплаб семинарлар, фестиваллар ўтказилди, уларда 15,5 миллиондан ортиқ ёш қамраб олинган.

Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган "Менинг бизнес ғоям", "Ёш тадбиркор – юртга мададкор" лойиҳалари ва ёш тадбиркор консультатив марказлари фаолияти орқали 135 мингдан зиёд йигит-қизда тадбиркорлик кўникмалари шакллантирилди, 3 мингдан зиёд ёшлар имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлди.

Кичик бизнесни ривожлантириш жараёнида банклар томонидан ёш тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларга 322,4 миллиард сўмлик кредитлар берилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида 193,4 миллиард сўмлик имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

"Сиз қонунни биласизми?", "Тафаккур синовлари", "Конституция билимдони", "Юрт келажаги", "Камалак юлдузлари" каби кўрик-танловлар минглаб ёшлар иқтидорини намоён этишга кўмаклашди.

"Биз – соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз", "Конституция – тараққиётимиз кафолати" лойиҳалари, "Биз – буюк юрт фарзандларимиз!", "Биз Ватан фарзандлари – умид ниҳолларимиз!" фестиваллари орқали 3,5 миллион ёшларнинг ҳуқуқий, маънавий ва тиббий саводхонлиги оширилди.

"Шунқорлар" ва "Ёш чегарачилар" ҳарбий-спорт мусобақалари, "Камолот" шахмат тахтаси", "Камолот-тур" веломарафони, футбол, бадминтон ва теннис бўйича "Камолот" кубоги" мусобақаларида 500 мингдан зиёд ёш иштирок этди.

Ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида "Камолот" уйлари қурилмоқда. Қуриб битказилган уй-жойлар ёш оилаларга "Камолот" тавсиясига мувофиқ тижорат банклари томонидан бошланғич бадалсиз, 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредитлари ажратиш йўли билан берилмоқда.

Дастур ижроси юзасидан тегишли йўналишлар мутасаддиларининг ахборотлари тингланди. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда мавжуд камчиликлар ва уларнинг ечимига эътибор қаратилди. Айрим ташкилотлар фаолиятида расмиятчилик, ёшларнинг ҳаётий муаммоларидан узоқлашиш ҳолатлари кузатилаётгани қайд этилди.

Ўтказилаётган лойиҳаларни замон талаблари асосида такомиллаштириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, "Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури" лойиҳаси муҳокама этилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Манба: ЎзА

Поделиться