Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳунарманд, санъатшунос, фольклоршунос олимларни бир жойга жамлаган фестиваль
2017-10-23 | Маданият
Марғилоннинг атласу адрасидан кўз қувнайди. Қўғирчоқсоз уста ишлаган мўъжаз ўйинчоқларни кўриб, ногаҳон болаликка қайтишни истаб қоласиз. Кандакорнинг нафис идишлари, миниатюрачи-рассомнинг миллий руҳда ишланган бетакрор қутилари, ундаги чизгилардан ҳайратланиб, устанинг маҳоратига тассаннолар айтасиз.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтган "Ўзбек маданий мероси жаҳон нигоҳида" мавзуидаги фестиваль уста ва ҳунармандлар, санъатшунослар, фольклоршунос олимларни бир жойга жамлади.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари К.Оқилова, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори А.Ҳайдаров, Республика "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси раиси И.Латипов ва бошқалар миллий анъана ва қадриятларни аслича сақлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказиш доимий эътиборга эканини таъкидлади.
Юртимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, уни кенг тарғиб этишга оид кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Фольклор, ҳунармандлик, томоша санъатлари, миллий кураш ва бошқа қатор маънавий меросимиз тарихи, ривожланиш босқичларига оид китоблар нашр этилмоқда. Ранг-баранг кўргазма ва фестиваллар, ижодий танловлар, концертлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилмоқда.
Ёғоч ўймакори Жавоҳир Рашидов Республика рассомлик коллежини тамомлаб, турли ижодий танловларда муваффақиятли қатнашган. Бойсунлик Хадича Раҳимбердиева – чеварларнинг бешинчи авлод вакили. Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги "Жайхун" қўғирчоқ театри ижрочиси Мансур Қурёзов АҚШ, Франция, Япония ва бошқа давлатларда ўтказилган кўргазма, анжуман, фестивалларда қатнашган. Мамлакатимизда ижод аҳли, ҳунармандлар учун яратилган бетимсол имкониятлар уларнинг эмин-эркин фаолияти, муваффақиятининг асосий омили бўлмоқда.
Фестиваль доирасида ўтказилган илмий-амалий анжуманда миллий ҳунармандликнинг долзарб масалалари, Наврўз байрамининг асослари, Бойсун бадиий ҳунармандлиги, Шашмақом санъатининг ёшлар тарбияси ва маънавиятидаги ўрни, аския санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Уста ва ҳунармандлар ижодига оид кўргазма ташкил этилди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг фольклор жамоалари, бахши, лапар ва ўлан ижрочилари иштирокидаги концерт намойиш этилди.
Манба: ЎзА