Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
80 нафар профилактика инспекторига хизмат уйлари калити топширилди
2017-10-23 | Жамият
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғида Навоий вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг ўзлари хизмат қилаётган ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялаш учун қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этган тадбирда профилактика инспекторларига замонавий хизмат уйлари ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калитлари тантанали равишда топширилди.
Вилоят ҳокими Қ.Турсунов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида профилактика инспекторларининг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилиб, кенг имтиёз ва енгилликлар берилаётганини таъкидлади. Улар ўз хизмат ҳудудида замонавий уй-жой ва имтиёзли асосда шахсий автомобиль билан таъминланмоқда. Бу маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда юксак самаралар бераётир.
Навоий вилоятида 209 нафар профилактика инспектори фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз ҳудудида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам профилактика тадбирлари олиб бориши учун барча шароит ва имконият яратилмоқда. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Президентимизнинг жорий йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятдаги 80 нафар профилактика инспекторига хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомобиль калити топширилди.
– Халқимизнинг биз, ички ишлар идоралари ходимларига бўлган ишончини оқлаш йўлида Ватанимиз ва Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд этганимиз касбимизнинг нақадар масъулиятли ва шарафли эканидан далолат, – дейди Нурота тумани Чуя маҳалласи профилактика инспектори Ойбек Арзиев. – Ҳудуднинг ўзидан барча қулайликларга эга хизмат уйи ҳамда имтиёзли кредит асосидаги машина берилгани масъулиятимизни янада оширади. Ҳудудимиздаги 8 мингдан зиёд аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлаб, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактика тадбирлари самарадорлигини оширишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди.
Манба: ЎзА