Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Навқирон авлод тарбиясига бағишланди
2015-04-01 | Жамият
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида баркамол авлод тарбиясида тарихий, маънавий меросимизнинг аҳамиятига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда мутахассислар, олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар иштирок этди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва уни кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, бебаҳо меросимизга ҳурмат руҳида камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Таълим-тарбия, кадрлар тайёрлаш соҳасининг мутлақо янгича асосда ташкил этилиши ёшлар маънавиятини юксалтириш, навқирон авлодни буюк аждодларимизга муносиб, ҳеч кимдан кам бўлмаган, билимли, юксак салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таълим соҳасида олиб борилган улкан ишлар самарасида истеъдодли ёшларимиз халқаро миқёсда ўтказилаётган нуфузли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, фестивалларда юқори натижаларни қўлга киритаётир.
Мазкур конференциядан кўзланган мақсад навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга оид ишлар кўламини кенгайтириш, ёшларни ёт ва зарарли ғоялар таъсиридан асраш, уларни халқимизнинг эзгу урф-одатларининг муносиб давомчилари этиб тарбиялашга кўмаклашишдир.
Тадбирда ёш авлод тарбияси, бунда маданий-маънавий тадбирларнинг аҳамияти каби мавзуларда маърузалар тингланди, ўзаро фикр алмашилди.
Манба: ЎзА