Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон сиёсий партиялари сайлов якунлари бўйича брифинглар ўтказди

2015-04-01 | Жамият

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг брифинглари бўлиб ўтди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови янги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий шароитларда, сиёсий рақобат руҳида ўтгани таъкидланди. Сайлов жараёни унда иштирок этган сиёсий партияларнинг фаоллиги янада ошганини кўрсатди.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Акмал Саидов сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда барча номзодларга тенг шароитлар яратиб берилганини қайд этди. Сайловолди ташвиқоти тенглик, адолатлилик, очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида олиб борилди.

А.Саидов тадбир иштирокчилари эътиборини бу галги сайловда сайлов кампаниясини очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик каби демократик тамойиллар асосида ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли сезиларли равишда кучайганига қаратди. Сайлов кампанияси давомида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг ахборот олиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, жамоатчиликни сайлов кампаниясининг барча босқичларидан хабардор қилишда фаол иштирок этди.

– Биз сайловолди дастуримиз Ватанимиз ва халқимиз манфаатларига ҳамоҳанг бўлишига ҳаракат қилдик. Сайлов кампанияси давомида бизни қўллаб-қувватлаган ва бевосита ёрдам кўрсатган ишончли вакилларга, партиямиз фаолларига, аъзолари ҳамда тарафдорларига, барча сайловчиларга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман, – деди А.Саидов.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси брифингида ушбу партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Ҳотамжон Кетмонов сўзга чиқди. У брифинг иштирокчилари эътиборини сайлов кампаниясининг барча босқичларида сиёсий партиялар ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар учун тенг имкониятлар яратиш принципига қатъий риоя этилганига қаратди.

Ҳ.Кетмонов мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлик, ошкоралик, транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ўтганини таъкидлади. Сайлов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмади.

– Президент сайловида биз 2,92 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлдик. Сайловчилар билан учрашувлар сайловолди дастуримизда белгиланган вазифаларда аҳоли кенг қатламлари манфаатлари етарлича қамраб олинмагани ва ушбу вазифалар янада такомиллаштирилиши зарурлигини кўрсатди. Келажакда партия дастурини такомиллаштиришга доир тегишли вазифаларни белгилаб оламиз ва уни амалга ошириш учун мавжуд барча имкониятларни ишга соламиз, – деди Ҳ.Кетмонов.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилган Наримон Умаров мамлакатимизда Президент сайлови ташкилий жиҳатдан юқори даражада, миллий ва халқаро қонунчилик меъёр ҳамда талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда ўтказилганини таъкидлади. Сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан партия марказий ва ҳудудий штабларига ҳеч қандай шикоят ёки мурожаатлар келиб тушмади.

– Президент сайлови партиямизга мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлаш, электорат манфаатларини ифода этиш имконини берди, – деди Н.Умаров.

Шунингдек, у партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар амалга оширилишини, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлар корпуслари ва фаолларининг куч ва имкониятлари электорат манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга сафарбар этилишига ваъда берди.

Брифингларда сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар Марказий сайлов комиссияси эълон қилган сайлов натижаларини тўлиқ тан олди ва Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлангани билан табриклаб, давлатимиз, халқимиз тараққиёти йўлидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Манба: ЎзА

Поделиться