Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти тўғрисида
2017-10-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Қирғизистон ташаббусига кўра Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари мулоқот аввалида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ҳамда қардош қирғиз халқини жорий йил 15 октябрь куни президентлик сайловининг муваффақиятли ўтказилгани билан самимий муборакбод этди.
Умумхалқ сайлови натижалари Қирғизистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва рўй бераётган ўзгаришларга мамлакат аҳолиси юксак ишонч билдириши ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашидан далолат экани алоҳида қайд этилди.
Икки давлат раҳбарлари яқинда бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар чоғида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни амалга ошириш борасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини анъанавий дўстлик ва амалий руҳда атрофлича муҳокама қилди.
Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегараларининг қолган участкаларига оид тегишли шартномани ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш ва имзолаш жараёнини тезроқ якунлаш, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларининг самарали фаолиятини таъминлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.
Транспорт-коммуникация тизимидаги ўзаро алоқалар, хусусан, шу ойнинг охирига режалаштирилган «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қошғар» йўналиши бўйича ҳамкорликда автомобиль қатновини синовдан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев Президентимиз Шавкат Мирзиёевга президентлик сайлови муносабати билан самимий табрик учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Қирғизистон мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам ривожлантиришга, дўстлик ва стратегик шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.
Манба: ЎзА