Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ис гази ва овқатдан заҳарланишдан эҳтиёт бўлинг
2017-10-19 | Жамият
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуман ушбу икки масалага бағишланди.
Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Р.Мирзатоев ва бошқалар жорий иситиш мавсумида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида кенг кўламли профилактик ишлар олиб борилганини таъкидлади. Жумладан, қиш мавсумига тайёргарлик доирасида идоралараро гуруҳлар томонидан 1 минг 267 қўшма рейд амалга оширилди, 4 минг 136 бозор ва 25 минг 903 ишлаб чиқариш корхонаси қозонхоналари текширувдан ўтказилди, 14 минг 118 мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, 16 минг 557 тиббий муассаса, 1 минг 83 театр ва бошқа маданият ўчоқлари кўрикдан ўтказилди.
Ушбу текширувлар натижасига кўра, 309 та маъмурий жарима чораси қўлланилди, 6 минг 182 объект фаолияти вақтинча тўхтатилди, 2 минг 115 ностандарт ва қўлбола иситиш ускуналари сотувдан олиб ташланди, 1 минг 378 объект фаолияти бутунлай тўхтатилди, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимиятларига 79 тақдимнома киритилди.
«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси ходимлари томонидан бир неча марта огоҳлантириш берилганига қарамай, жойларда аксарият ҳолларда газ чиқиб кетиши мумкин бўлган носоз ёки резина шлангли газ ускуналаридан совуққонлик билан фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат санитария-эпидемиологик назорат маркази овқатланиш гигиенаси бўлими бошлиғи Қамариддин Боқиев юртимизда ботулизм ва шу каби озиқ-овқатдан заҳарланиш профилактикаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди. Умумий овқатланиш соҳасида ҳануз озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳоллари учраётганини қайд этилди.
Ботулизмнинг кенг тарқалишига сабаблардан бири уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларидир. Сифати ёмон консерва маҳсулотларини аниқлаш ва уларнинг санитар ҳолати мониторингини амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари кўмагида 25 мингдан ортиқ деҳқон хўжаликлари, 500 дан зиёд бозор ва умумий овқатланиш шохобчалари текшириб чиқилди.
Масъул идоралар томонидан кўплаб рейд ва текширувлар ўтказилмоқда, бироқ унинг самарадорлиги кўп жиҳатдан фуқароларнинг ўзига ва уларнинг маданиятига боғлиқ. Бу газ ва иситиш ускуналаридан тўғри фойдаланиш, уй ҳайвонларини тегишли равишда парваришлаш, умумий овқатланиш шохобчаларини синчковлик билан танлаш, консерва маҳсулотлари харидида эътиборли бўлишга тааллуқлидир.
Манба: ЎзА