Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон халқаро ипакчилик комиссиясига аъзо бўлди

2017-10-19 | Иқтисодиёт

– Бу комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилотида рўйхатга олинган тузилма бўлиб, унинг асосий мақсади халқаро кўламда ипакчилик ва ипак саноатини ривожлантиришга қаратилган, – дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Баҳром Шарипов. – Унга аъзо бўлишимиз, энг аввало, соҳада юз бераётган сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишимизни таъминлайди. Шунингдек, юртимизда ипакни қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришда қўл келади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлмоқда. “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ипакчиликни ривожлантириш, аҳолининг табиий матоларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бундай маҳсулотлар билан ички бозорни тўлдириш, унинг экспортини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, жорий йил баҳорда пиллакорларимиз ипак қурти парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларига ташрифлари давомида бир йилда икки марта пилла боқишни йўлга қўйиш юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларидан руҳланган “кумуш тола” етиштирувчилар такрорий пилла етиштиришга аҳд қилди. Натижа кутилганидан ҳам яхши бўлди. 

– Пилладан бир йилда икки марта ҳосил оламиз деганимизда шубҳа билан қараганлар ҳам бўлди, – дейди «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқаруви раиси ўринбосари Олим Жумаев. – Бироқ, биз буни амалга оширдик. 10 минг 500 қути ипак қурти парваришланиб, 420 тоннадан кўпроқ ҳосил етиштирилди. Бу 10 миллиард сўмдан зиёд даромад кўриш ҳамда қайта ишлаш корхоналарига уч мингта мавсумий ишчини жалб этишни таъминлади. 

Хомашёнинг кўпайиши, албатта, уни қайта ишлашни ҳам талаб этади. Жорий йилда уюшмада ип йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Бухоро вилоятларида барпо этилаётган корхоналар шулар сирасидандир. 

Андижон вилоятида Хитойнинг “Tongxing Juncheng” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Andijon silk” қўшма корхонасига 6 миллион доллар миқдорида инвестиция киритилади. Келгуси йилнинг бошида ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу корхона таcарруфида тут плантациялари, замонавий ва илғор технологиялар асосида қурт боқиш, пиллани қайта ишлаш, ипак ўраш, ипак хомашёси ишлаб чиқариш, ипак эшиш ва тикув цехлари барпо этилади. Бу ерда момиқдан кўрпа-тўшак, ёстиқ, ипакдан турли кийим-кечаклар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, қарийб минг иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, дастлабки йили 3,5 миллион доллар, 2021 йилга бориб 12 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. 

Тизимда ипак қурти уруғи етиштириш борасида ҳам янги лойиҳалар амалиётга жорий этилмоқда. Улардан бири – Сурхондарё вилояти Ангор туманида Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган “Huashen Silkworm Pro” қўшма корхонасидир. Жорий йилда хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган бу корхонанинг йиллик қуввати 100 минг қути ипак қурти уруғини ташкил қилади. Айни вақтда 200 иш ўрни яратилган бўлса, келгусида маҳсулот етиштириш ҳажмининг ошиши ҳисобига 3 минг 700 дан ортиқ иш ўрни яратилиши мўлжалланмоқда. 

Келгусида тизимдаги ишлар босқичма-босқич янада кенгайтириб борилади. Бу эса мамлакатимиз енгил саноатини сифатли хомашё билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишни таъминлайди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться