Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эроннинг Саноат, конлар ва савдо вазири билан учрашув
2017-10-18 | Сиёсат
2017 йилнинг 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Теҳронда Эрон Ислом Республикасининг Саноат, конлар ва савдо вазири Муҳаммад Шариатмадари билан учрашди.
Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев ва делегациянинг бошқа аъзолари иштирок этган суҳбатда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва диверсификация қилиш ҳамда инвестицион ҳамкорликни янада юқори даражага кўтариш Ўзбекистон-Эрон муносабатларининг устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.
Учрашувда транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари батафсил муҳокама қилинди ва Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон халқаро транспорт коридори бўйича 2011 йил апрел ойида имзоланган битим доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга томонлар тайёр эканлиги тасдиқланди.
Шунингдек, Теҳронда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бўлажак мажлисининг кун тартибига оид масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги