Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди
2017-10-18 | Жамият
Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда «Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Университет проректори З.Эсонова, «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Нурматова ва бошқалар аҳолининг барча ижтимоий қатлами ўз вақтида, мунтазам сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар «Адолат» социал-демократик партияси сайловолди дастурида илгари сурилган мақсадлар билан муштарак. Ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича партия томонидан таклифлар илгари сурилиб, чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Тадбирда қайд этилишича, мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, юртимиздаги кўплаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож.
Шу боис партия томонидан аҳоли орасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг август ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди ва қўшма чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда «Одам аъзолари ва тўқималарини транслантация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш ҳамда қабул қилинишига эришиш белгиланган.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг порталида умумий муҳокамага қўйилди. Ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда таклиф этилаётган қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида юртдошларимиз зарурат туғилганда чет элларга бормасдан, мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклаши мумкинлиги таъкидланди. Соҳага доир хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар батафсил кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА