Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туркман халқининг атоқли фарзанди Махтумқулининг “Сайланма” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
2017-10-17 | Жамият
Аждодларнинг маърифат хазинаси – қимматли китоблар бугун ҳам одоб ва эзгуликдан сабоқ бериб, ҳаёт йўлларимизни нурафшон этмоқда. Барҳаёт асарлар кенг тадқиқ қилиниб, қайта нашр этилаётгани авлодларнинг беқиёс эҳтироми ифодасидир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида туркман халқининг атоқли фарзанди Махтумқулининг “Сайланма” китоби тақдимотида шулар ҳақида сўз юритилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус, туркман миллий маданият маркази вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Муваққат ишлари вакили О.Хуммиев ва бошқалар тили, урф-одатлари ўхшаш бўлган ўзбек ва туркман халқлари азалдан бир-бирининг маданияти, адабиётидан баҳраманд бўлиб келгани, бугун ҳам ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлик фаол ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Махтумқули-Фироғий ижоди халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 6-7 март кунлари Туркманистонга давлат ташрифи чоғида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга Махтумқулининг ўзбек тилида чоп этилган “Элингга бахш айла” китобини совға қилгани ҳам фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистонда Махтумқули асарлари кириб бормаган хонадонни топиш қийин. Мамлакатимизда шоир ижодий фаолиятини чуқур ўрганиш, шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш борасида қатор тадқиқотлар олиб борилаётир. “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган Махтумқулининг “Сайланма” китоби ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.
– Туркман халқининг улуғ шоири Махтумқули ижоди XVIII аср маърифий шеъриятининг ёрқин намунаси сифатида шуҳрат қозонган, – дейди таржимон Муҳаммад Пирриев. – Мазкур нашр Президентимизнинг шу йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Ундаги халқчил асарлар миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш, меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ туйғуларни улуғлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида камол топтиришга хизмат қилади.
Шоир шеърларида донишмандлик, мардлик, фидойилик каби инсоний фазилатлар бадиий маҳорат ва теран фалсафий ифода орқали акс эттирилади. Бу табаррук сиймо ижодининг тарбиявий аҳамиятини янада оширади.
– Махтумқулининг Хива ва Бухоро шаҳарларида таҳсил олгани, Алишер Навоийни ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги адабий-маданий ришталар бардавомлигидан далолат, – дейди Тошкент шаҳар туркман миллий маданият маркази раиси ўринбосари Бибисора Ражапова. – Шоир “Сайланма”сининг ўзбек тилида нашр этилгани халқларимиз маънавий яқинлиги ифодасидир.
Тақдимотда Махтумқулининг ҳаёт ва ижод йўли, шеъриятида илгари сурилган долзарб ижтимоий масалалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Манба: ЎзА