Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эрон Ташқи ишлар вазири билан учрашув
2017-10-17 | Сиёсат
2017 йилнинг 17 октябрь куни Теҳронга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Жавад Зариф билан учрашди.
Вазирлар икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини муҳокама қилдилар, халқаро ва минтақа сиёсати муаммолари юзасидан фикр алмашдилар.
Суҳбат чоғида икки мамлакат раҳбарларининг Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштироки доирасида 2017 йил 11 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашуви Ўзбекистон-Эрон мулоқоти фаоллашишига янги туртки берганлиги таъкидланди.
Вазирлар томонлар учун аҳамиятга эга барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёрлигини тасдиқладилар.
Учрашувда Ўзбекистон ва Эроннинг БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида вазирлар томонидан Ўзбекистон ва Эрон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2018-2019 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги