Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Россия киноси ҳафталиги бошланди
2017-10-17 | Маданият
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ҳафталикнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда киноижодкорлар, санъатшунослар, талаба-ёшлар, Россия кино санъати вакиллари қатнашди.
"Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров ва бошқалар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳалар билан бирга маданий-маърифий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Ҳафталикдан кўзланган мақсад кино санъати соҳасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада кучайтириш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай имконият яратишдан иборатдир.
Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтадиган ҳафталик учун фильмлар томошабинларнинг ранг-баранг аудиторияси, қизиқишини инобатга олган ҳолда саралаб олинган. Жумладан, "Қути" фильми ёшлар ўртасидаги мураккаб психологик муносабатлардан сўзласа, комедия жанридаги "Катта қишлоқ алангаси" фильми ёш режиссёрнинг интилишлари ҳақида ҳикоя қилади. "Тэли ва Толи" кино асари ёрқин манзаралари, ҳаётий ҳикматларга бойлиги, эзгулик, дўстлик, муҳаббатни улуғлаши билан аҳамиятли. Мураккаб драматик йўналишдаги "Топилма", Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи "Ягона" картинаси, ёшлар ўртасидаги самимий ва беғубор туйғулар тараннум этилган "Лиризмлар" фильмлари ҳам томошабинларни бефарқ қолдирмайди. Ҳафталик доирасида ижодий учрашувлар, талабалар учун маҳорат сабоқлари бўлиб ўтади.
Россия фильмлари ҳафталиги "Қути" картинаси намойиши билан бошланди.
Манба: ЎзА