Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди
2017-10-17 | Жамият
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ юртдошларимизга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мамлакатимиз ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилиши, давлатимиз ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиши ва ҳомийлик кўрсатиши кафолатланган. Шу юртда яшасанг, давлат ва жамият ҳаётида фаол қатнашсангу фуқароликка эга бўлмасанг, киши учун бундан мураккаб синов бўлмаса керак.
Кейинги бир йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир неча фармонлари билан юзлаб ҳамюртларимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Бу эса уларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқларидан тўла фойдаланишига кенг имконият яратмоқда.
– Тақдир тақозоси билан 1989-1996 йилларда Қозоғистон Республикасида яшаб, меҳнат қилишимга тўғри келган, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Исмоил Алиев. – Юртимизга қайтиб келганимдан сўнг меҳнат фаолиятимни давом эттирдим ва айни пайтда “Самарқанд дон маҳсулотлари” корхонасида ишламоқдаман. Икки фарзандим бор. Ўғлим ўзим билан бирга ишлайди. Оиламдан ҳам, ишимдан ҳам кўнглим тўқ. Она-юртимда яшаяпман. Аммо кўнглимда бир армон бор эди – шу юрт фарзанди бўла туриб, Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун ана шу армоним ушалди. Президентимиздан беҳад миннатдорман, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини қўлимга олдим. Энди яна ҳам катта ғайрат, шижоат билан меҳнат қилиб, Ватаним равнақига ҳисса қўшишга бутун борлиғимни бағишлайман.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқаролик паспортига эга бўлган юртдошларимиз мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев сўзга чиқди.
Манба: ЎзА