Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Конверсион карта эгаларида бошқа шахслар картасига валюта ўтказиш имконияти бор
2017-10-17 | Иқтисодиёт
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда валюта муносабатларини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини оширишда дастуриламал бўлаётир.
«Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банкининг 10 та конверсион операциялар бўлимига қўшимча равишда яна 29 та филиалда конверсион операциялар бўлими ташкил этилди. Жумладан, Тошкент вилояти бўйича банкнинг Оҳангарон, Ғазалкент, Бекобод, Янгийўл филиалларида конверцион бўлимлар ва валюта айирбошлаш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилди. Валюта айирбошлаш шохобчалари байрам ва дам олиш кунлари ҳам ишламоқда.
– Жорий йилнинг 5 сентябридан буён шохобчаларимизда хорижий валюта сотиб олинмоқда, – дейди минтақавий филиал бўлим бошлиғи С.Нуриддинхонов. – Жисмоний шахслар чекланмаган миқдордаги хорижий валютани бозор механизмлари асосида шакллантирилган валюта курслари бўйича топширган ҳолда нақд сўм олишмоқда. Агар харид қилишмоқчи бўлса, VISA халқаро пластик карталарига ўтказиб берилмоқда. Банк томонидан очиладиган халқаро тўлов карталари орқали дунёнинг 170 дан ортиқ мамлакатида жойлашган VISA карталарини қабул қилиш муассасаларида тўловларни амалга ошириш мумкин.
Шу пайтгача махсус конверсион картага 2 минг долларгача маблағ ўтказилган. Шунингдек, ундан нақд пул ечишга чекловлар қўйилган эди. Энди халқаро тўлов карталарига харид қилинадиган валюта ва карталардан ечиб олинадиган маблағ миқдорига ҳеч қандай чекловлар йўқ. Шунингдек, конверсион карта эгалари бошқа шахслар картасига ўз картасидан валюта ўтказиш имкониятига ҳам эга бўлди. Бу жараёнда ягона талаб – маблағ ўтказувчи ҳам, қабул қилувчи ҳам “Қишлоқ қурилиш банк” конверсион картаси эгаси бўлиши лозим.
– Жисмоний шахслар халқаро тўлов картаси йўқолиб қолганда, махфий пароли йўқотилганда ёки уни ишлатиш бўйича муаммолар юзага келганда банк филиалига мурожаат қилиши лозим, – дейди минтақавий филиал бўлим бошлиғи М.Исроилов. – Шунда юзага келган муаммо тез бартараф этилади.
«Қишлоқ қурилиш банк»нинг Тошкент вилояти минтақавий филиалидаги валюта алмаштириш бўйича қулайликларни бошқа банкларда ҳам кузатиш мумкин. Бугун жисмоний ва юридик шахсларнинг хорижий валютани сотиш ёки харид қилишида ҳеч кандай чекловлар мавжуд эмас.
Манба: ЎзА