Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон заминида 80 йил

2017-10-16 | Жамият

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги ҳамда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз мамлакатимизда яшаётганининг 80 йиллиги муносабати билан маданий дастур намойиш этилди.

Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида истиқомат қилаётган корейс миллатига мансуб юртдошларимиз, миллий маданий марказлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбир “Корейслар диаспораси: Ўзбекистон заминида 80 йил” номли ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди. 

Фильмда 1937 йилда юртимизга кўчириб келтирилган корейсларнинг халқимиз бағрикенглиги ва очиқ кўнгиллилиги туфайли тинч, осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда ўз ўрнини топгани, оғир дамларда қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтгани тарихий маълумотлар асосида баён этилган. Корейс диаспорасининг давлатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки, уларнинг ўз миллий анъана ва қадриятларини ривожлантириши учун яратилган шароитлар ҳақида ҳикоя қилинган. 

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова юртимизда яшаётган корейс миллати вакилларини табриклаб, мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Корейс миллатига мансуб юртдошларимизнинг вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки, фидокорона меҳнати эътироф этилиб, уларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

– Биз Ўзбекистонда туғилиб ўсганимиз, шу заминда бахтли ҳаёт кечираётганимиздан хурсандмиз, – дейди Самарқанд вилояти корейс миллий маданий маркази раиси Николай Ким. – Ўз миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилган. Байрам ва миллий маросимларимизни ўзбек халқи билан бирга нишонлаймиз. Фарзандларимиз ҳам турли миллат вакиллари билан бирга таълим олиб, касб-ҳунар эгалламоқда, меҳнат қилмоқда. 

Тадбирда сана муносабати билан ўтказилган шахмат мусобақаси ва турли танловлар ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. 

Вилоят санъаткорлари, миллий маданий марказлар ансамбль ва халқ бадиий жамоалари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
 
 
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться