Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада E-SUD миллий электрон судлов ахборот тизимининг тақдимоти бўлиб ўтди
2017-10-16 | Жамият
Унда Фуқаролик ишлари бўйича Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги туманлараро судларнинг судья ва ходимлари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришдан иборат.
Одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Мазкур тизим фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик каби мақсадларга хизмат қилмоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судида бўлиб ўтган тақдимот маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров ва бошқалар суд тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш судларда адолат ва очиқликни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Манба: ЎзА