Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси истиқболлари муҳокама қилинди
2017-10-14 | Сиёсат
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти иқтисодиётига жалб қилинадиган тўғридан-тўғри инвистицияларни кўпайтириш ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Халқаро бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот турларини кўпайтиришда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор.
Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда дастуриламал бўлмоқда.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси учун 414 гектардан ортиқ ер майдони ажратилган. Кейинчалик ушбу ҳудуд янада кенгайтирилади. Янги эркин иқтисодий зонада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш, тўқимачилик, пойабзал ва чарм-галантерея, кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари каби қатор йўналишларда замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 январь куни Хоразм вилоятига ташрифи давомида ушбу лойиҳа билан танишиб, амалга ошириладиган ишлар юзасидан зарур топшириқлар берган эди. Айни пайтда эркин иқтисодий зона чегараларини ўрнатиш, божхона пости ташкил қилиш, хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ташкил этиладиган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари учун зарур имкониятлар яратиш мақсадида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, хусусан, газ, сув ва электр тармоқлари, канализация, автомобиль ва темир йўллари, алоқа тизими шакллантирилмоқда.
Ҳудудда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш бўйича бугунги кунда 25 лойиҳа ишлаб чиқилган. Натижада 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилади.
“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудудда ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳолини барқарор даромад билан таъминлаш, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти