Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Партия бандлик масаласидаги муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдирди
2017-10-13 | Жамият
Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан “Меҳнатга лаёқатли аҳолининг иш билан бандлиги: соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда унинг ечими юзасидан таклифлар” мавзуида амалий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги мақсадли дастурлар изчиллик билан амалга оширилаётгани иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланиши, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати яхшиланишига қаратилаётганини таъкидлади.
Меҳнат бозорида расмий бандликни ошириш бўйича фаол чораларни кўриш ҳамда иш берувчиларни янада рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш мақсадида қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Семинарда ходимлар учун “электрон меҳнат дафтарчаси”ни жорий этиш, муайян муддатга меҳнат шартномаларини тузиш имкониятларини кенгайтириш, ўз-ўзини банд қилиш ва уй меҳнатининг ҳуқуқий мақомини аниқлаштириш, алоҳида тоифадаги ходимлар, жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларга ёлланиб ишловчилар ва бошқаларнинг меҳнатини тартибга солишни кўзда тутувчи меёърий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича амалий таклифлар билдирилди.
Тадбирда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамасдан, бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва усулларидан фойдаланилаётгани, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолаётгани, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар, уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида кўплаб қўшиб ёзиш ҳолатлари учраётгани қайд этилди.
Манба: ЎзА