Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодиётимиз тараққиётида ихтирочи хотин-қизларнинг ўрни
2017-10-13 | Иқтисодиёт
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ихтирочи аёллари уюшмаси томонидан "Иқтисодиётимиз тараққиётида ихтирочи хотин-қизларнинг ўрни" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон ихтирочи аёллари уюшмаси раҳбари К.Норқулова ва бошқалар илм-фанни тараққий эттириш, олимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш, саноатни модернизациялашда академик жамоатчилик салоҳиятидан кенг фойдаланиш масаласи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг истеъдодини юзага чиқариш, улар учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасидаги ибратли ишлар натижасида умрини илм-фанга бағишлаган, жумладан, илм-фаннинг турли йўналишларида изланаётган аёллар сафи тобора кенгаймоқда.
Хотин-қизлар қўмитаси олима аёлларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, инновацион ишланмаларини амалиётга татбиқ этишга кўмаклашиш, ихтирочилик фаолиятини фаоллаштириш, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоялашга доимий эътибор қаратмоқда. Ушбу жамоат ташкилоти қошида юртимизнинг турли соҳаларида фаолият юритаётган ва иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон ихтирочи аёллари уюшмаси ташкил этилди.
Қўмита томонидан мазкур уюшма ташкил этилгани муносабати билан "Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси" I Республика танловини ўтказиш кўзда тутилмоқда. Унда олималар, иқтидорли талаба ва ўқувчи-қизлар, муҳандис, ихтирочи, рационализатор аёллар, конструкторлар ўз инновацион лойиҳалари билан қатнашиши мумкин. Танлов учун ҳужжатлар жорий йилнинг 10 ноябрига қадар қабул қилинади.
– Оптик тола қўлланилаётган қурилмаларда фото қабулқилгичлар яратиш устида изланиш олиб боряпман, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти катта илмий ходими Феруза Ғиёсова. – Бу тадқиқот телекоммуникация, қўриқлаш ва бошқарув тизимларида қўлланилиши кўзда тутилган.
Тадбирда танловнинг аҳамияти, мақсади, босқичлари, номинациялари, олима аёллар билан биргаликда олиб борилаётган янги лойиҳалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.
Манба: ЎзА