Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Телеком хизматлари учун нархлар ошмайди!
2017-10-12 | Технологиялар
Бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи барча алоқа хизматлари операторлари ва интернет-провайдерлари раҳбарлари иштирокида хизматлар учун нарх тарифи сиёсатини тартибга солиш юзасидан амалга ошириш зарур бирламчи вазифаларга бағишланган муҳокама бўлиб ўтди, деб хабар берди вазирлик расмий сайти.
Учрашувда «Ўзбектелеком» АК абонентларининг, шунингдек ҳамкорларнинг мурожаат ҳамда истакларини инобатга олган ҳолда, 20 октябрдан айрим тарифларни ошириш бўйича қарорнинг бекор қилингани қайд этилди.
Таъкидлангани каби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги «Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, барча оператор ва провайдерларга тарифлар учун нархларни веб-сайт ва оммавий ахборот воситаларида миллий валютада кўрсатиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, фармон асосида хизматлар учун тариф нархларининг кескин оширилмаслигини таъминлаш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Учрашувда мобил алоқа операторларига қисқа муддат ичида мобил алоқа билан қамраб олинмаган аҳоли пунктларини, шунингдек аҳоли яшайдиган ҳудудларни боғлайдиган магистрал автомобил ҳамда темир йўлларини алоқа сигналлари билан қамраб олиш юзасидан топшириқ берилди.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига абонентларга барча турдаги телекоммуникация хизматларининг сифатли кўрсатилишини қаттиқ назоратга олиш вазифаси юклатилди.
Манба: ЎзА