Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жорий йилнинг ўтган даврида Наманганда 161 километрдан зиёд электр узатиш тармоғи янгиланди

2017-10-12 | Жамият

Наманган вилоятида электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида электр узатиш тармоқлари, трансформатор подстанциялари ва пунктларини модернизация қилиш ва техник янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида вилоятда 25 миллиард 98 миллион сўмликдан зиёд модернизация ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, 2017 йилда 270 километрга яқин электр узатиш тармоғи модернизация, 127 трансформатор пункти реконструкция қилинади, янгилари қурилади. 

“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 161 километрдан зиёд электр узатиш тармоғи янгиланиб, 55 турли қувватдаги трансформатор пункти реконструкция қилинди, 8 миллиард 845 миллион сўмликдан зиёд модернизация ишлари бажарилди. Бу 11 мингга яқин хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. 

Наманган шаҳрида 19 километр ҳаво тармоғининг янгиланиши ва 15 трансформатор подстанцияси реконструкция қилиниши натижасида Шодлик, Машад, Мажнунтол, Гулпора, Баҳор сингари 20 дан ортиқ маҳаллада аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг электр энергияси таъминоти яхшиланди. Хусусан, Келажак тонги маҳалласида 2,5 километрдан зиёд электр узатиш тармоғи тортилиб, янги подстанция қурилди. Олтитош маҳалласида 9 километр узунликдаги ҳаво тармоғи реконструкция қилинди ва 5 та 160 кВт.ли трансформатор ўрнатилди.

 
Бундай чора-тадбирлар вилоятнинг барча туманларида амалга оширилмоқда. Мингбулоқ, Косонсой, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ туманларининг қатор қишлоқларида 80 километрга яқин электр узатиш тармоғи реконструкция қилинди, 6 километрдан кўпроқ янги тармоқ тортилди ва 20 дан зиёд турли трансформатор қурилмалари ўрнатилди. 

– Электр энергияси таъминоти борасида аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган муаммолар бор эди, – дейди Тўрақўрғон туманидаги Ҳамид Олимжон номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси С.Тожиматова. – 9 километрдан ортиқ тармоқ реконструкция қилиниб, 5 трансформатор пункти ўрнатилди. Маҳалламиздаги 480 хонадоннинг электр таъминоти яхшиланди. Бундан маҳалла аҳли жуда мамнун. 

Дастур ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан биргаликда корхона томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, кам таъминланган оилалар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар учун қурилаётган уй-жойларни электрлаштириш бўйича ишлар ҳам режа асосида изчил давом эттирилмоқда. 

– Мазкур дастур ижросини таъминлашда жойларда аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотларда тушаётган мурожаатлар асосида ишни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг умумий масалалар бўйича директори С.Ҳусаинов. – Ҳозиргача дастурга киритилган электр тармоқларини янгилаш бўйича ишлар 61,5 фоизга, трансформаторларни реконструкция қилиш 43,3 фоизга бажарилди ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. 2021 йилгача мўлжалланган модернизация ишлари белгиланган муддатда якунланади.

 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться