Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қизлар фестивали бўлиб ўтди
2017-10-12 | Жамият
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан I Республика қизлар фестивали ташкил этилди.
Университет ректори Б.Ҳодиев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари Д.Каттахонова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира М.Усмонова ва бошқалар мамлакатимизда қизларнинг саломатлигини асраш, пухта таълим бериш, касб ўрганиши, меҳнат бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни ҳар жиҳатдан баркамол, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, фидойи, шижоатли ёшларни тарбиялаш, салоҳиятини юзага чиқариш йўлида муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни мамлакатимиз фаол ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифалар ҳамда бу борада қабул қилинган миллий қонунчиликка мувофиқ Хотин-қизлар қўмитаси қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга кенг жорий этмоқда. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри йўналтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқланган долзарб масалалар ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳал қилинмоқда.
Манба: ЎзА