Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Глобал тадбиркорлик тармоғига старт берилди

2017-10-12 | Иқтисодиёт

Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси Глобал тадбиркорлик тармоғининг Ўзбекистондаги вакили сифатида ўз ишини бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида давлат ва жамоат ташкилотлари, дипломатик корпус вакиллари, банк ходимлари, тадбиркор ва ишбилармонлар, журналистлар иштирок этди. 

Глобал тадбиркорлик тармоғи ўз бизнесини бошлаётган ишбилармонларни янги технологиялар ва ишланмалардан хабардор қилиш, бизнес соҳасида илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўзаро мулоқот майдонини яратиш бўйича фаолият олиб боради. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада бизнес соҳасида ишлаб чиқилаётган истиқболли лойиҳалар ва стратегик ёндашувлар иқтисодий секторга узоқ муддатли инвестициялар киритиш имконини бермоқда. 160 мамлакатда фаолият олиб бораётган Глобал тадбиркорлик тармоғининг Ўзбекистонда иш бошлаши ёш ишбилармонларни кашф қилиш, уларнинг мақсадли ва инновацион бизнес режаларини муваффақиятли амалга оширишга ёрдам беради. 

Тадбирда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси Глобал тадбиркорлик тармоғи доирасида ташкил этиладиган тадбирлар орқали Ўзбекистонда тадбиркорлик экотизимини яратиш, халқаро тажриба ва ёндашувларни жорий этишни мақсад қилгани таъкидланди. Шу йил 13-19 ноябрь кунлари мамлакатимизда ўтадиган Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ана шундай мақсадларга хизмат қилиши қайд этилди. 

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги тадбиркорлик экотизимининг барча иштирокчиларини бирлаштириш, шу йўналишда таълим бериш орқали бизнесни ривожлантиришнинг замонавий ва халқаро амалиёти ҳақида маълумот бериш, Ўзбекистонда бизнесни ривожлантириш учун таклифлар ишлаб чиқиш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтайди. 

– Мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун барча имкониятлар мавжуд, – дейди Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси кузатув кенгаши раиси Ҳ.Абдураҳимов. – Глобал тадбиркорлик тармоғи бу борада яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда бизнес юритишда халқаро тажрибани ўзлаштиришга ёрдам беради. Бу йўналишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси билан яқин ҳамкорликда иш олиб борилаётгани кутилган натижаларга эришишда муҳим омил бўлади. 

Ҳафталик доирасида ташкил этиладиган тақдимот ва семинарларда тадбиркорлик ишланмаларига бағишланган маҳорат дарслари ташкил этилади. Ўз навбатида, дастурлар, инфратизим ва ресурсларни шакллантириш борасида тавсиялар ҳам ишлаб чиқилади. 

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться