Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар ёшлар, аёллар билан манзилли ишлашни кучайтириш ва оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар
2017-10-11 | Сиёсат
Маълумки, жорий йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати фаолиятини таҳлил қилишга бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар, оилалар ва аёллар билан олиб бориладиган ишлар доимо давлатимизнинг диққат марказида эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ёшлар масалалари бўйича, шунингдек, оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияни тузиш мақсадга мувофиқ эканлигини қайд этди.
Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳаларининг муҳокамаларида иштирок этиш учун ёшларни жалб этиш парламент қуйи палатаси фаолиятидаги янгиликлардан бирига айланди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида фаолият юритаётган эксперт гуруҳлар таркибига киритилди. Ишнинг бундай шакли ўз самарасини кўрсатмоқда. Ёшлар хорижий тилларни яхши биладилар, халқаро тажрибага қизиқадилар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш малакасига эгадирлар. Буларнинг барчаси уларга Қонунчилик палатасида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳаларини такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар билан бўлишиш имконини беради.
Президентимизнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда, депутатлар томонидан Қонунчилик палатасининг 2017 йил 11 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида тегишли комиссияларни тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, депутатлар таъкидлаганларидек, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббусига кўра 30 июнь мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Ёшлари куни деб эълон қилингани бунинг исботидир. Бу борада тегишли қонун ҳам қабул қилинди. Шу сабабли, Қонунчилик палатасида ёшлар масалалари бўйича комиссиянинг тузилиши мамлакатимизнинг миллий бойлиги ва келажаги бўлган ёшлар билан ишларни сифатли ташкил этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мантиқий давомидир.
Ушбу комиссиянинг тузилиши давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг иштирокини амалий жиҳатдан таъминлаш орқали ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Қонунчилик палатасининг тутган ўрнини ошириш имконини беради. Шу тариқа, халқ вакиллари ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини оширишда бевосита иштирок этадилар.
Мамлакатимиз раҳбарининг адолатли мулоҳазасига кўра, парламент – бу демократия мактабидир. Ёшлар билан манзилли ишлашни ташкил этиш эса ҳозирги тутган йўлимизнинг кетма-кетлигини, ислоҳотларнинг барқарор ва изчил амалга оширилишини таъминлашга қодир бўлғуси сиёсатчиларни тайёрлашнинг ноёб тизимини яратиш имконини беради.
– Давлатимиз раҳбари ёшлар масаласини кун тартибига бежиз киритаётгани йўқ, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Элбек Шукуров. – Маълумки, ёшлар юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этади. Ёшлар масаласи доим эътиборда. Ушбу жараёнга парламент, хусусан, Қонунчилик палатаси бефарқ эмас. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган ёшлар масалалари бўйича комиссия, ўз навбатида, ёшларнинг, айниқса, уюшмаган, иш билан банд бўлмаган, муайян бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун муносиб шарт-шароит яратишга, уларнинг бандлигини таъминлашга, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантиришга, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Шундан сўнг депутатлар Қонунчилик палатасида оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияни тузиш масаласини кўриб чиқдилар. Депутатлар таъкидлаганларидек, оналикни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятда уларнинг ўрни ва мақомини ошириш, аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ҳамда маданий ҳаётда иштирок этишини янада кучайтириш оила институтини яхшилашнинг муҳим омилидир. Бунинг учун аёлларнинг касб-ҳунарларни эгаллаши, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш ва оилада тиббий маданият даражасини ошириш учун муносиб шароитларни изчил яратиш зарур. Ташкил этилаётган комиссия ушбу барча масалалар билан шуғулланади.
Аёллар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни, айниқса, уларнинг хорижга ноқонуний равишда чиқишининг олдини олишга доир самарали механизмларини жорий этишга оид таклифлар ишлаб чиқиш, оила ва аёллар масалалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ушбу соҳадаги халқаро шартномаларнинг ижро этилишини таъминлашда кўмаклашиш, шунингдек, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, оилавий ажралишлар ҳолатларини таҳлил қилишда иштирок этиш, уларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш Комиссиянинг асосий вазифаларидан биридир.
– Мамлакатимиз Президенти томонидан оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияни ташкил этиш юзасидан белгиланган вазифалар бугун жуда долзарбдир, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати Зумрад Бекатова. – Бугунги кунда бутунжаҳон статистикаси ажралишлар сони узлуксиз ўсаётгани, одамлар ҳаётида оилавий қадриятларнинг аҳамияти пасаяётганидан гувоҳлик бермоқда. Мамлакатимизда ажралишлар сабабларини ўрганишга, уларни пухта таҳлил қилишга ва оилаларнинг бузилиши ҳолатларининг олдини олишга доир аниқ таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш оила институтини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг тузилиши оила ва аёллар масалаларига оид қонунларнинг ижро этилиши устидан самарали, таъсирчан парламент ва депутатлар назоратини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга, ушбу соҳадаги халқаро шартномаларнинг ижро этилишини таъминлаш борасида кўмаклашишга қаратилган.
Мажлис давомида ҳар бир масалани муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати аъзолари комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий таклифлар билан сўзга чиқдилар.
Муҳокамалар якунларига кўра, парламент аъзолари томонидан Қонунчилик палатасида ёшлар масалалари бўйича комиссияни, шунингдек, оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу комиссияларнинг низомлари ва таркиблари тасдиқланди.
Мажлисда бир қатор қонун лойиҳалари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Манба: ЎзА