Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда 10-14 октябрь кунлари Тожикистон маданияти кунлари бўлиб ўтади
2017-10-11 | Маданият
Ўзбек ва тожик халқларини дўстлик ва яқин қўшничилик алоқалари билан бирга, кўп асрлик маданий ришталар боғлаб туради. Алишер Навоий, Гулханий, Садриддин Айний каби мумтоз адабиёт намояндалари ҳар икки тилда ижод қилгани халқларимизнинг маънавий яқинлигидан далолат. Бугун ҳам ушбу анъаналар бардавом.
Пойтахтимизда 10-14 октябрь кунлари ўтказиладиган Тожикистон маданияти кунлари бу борадаги ҳамкорликнинг амалдаги ифодасидир.
Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тожикистонлик бир гуруҳ санъат ва маданият намояндаларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Тожикистон делегацияси аъзолари пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуаси ва Ўзбек Миллий академик драма театрида бўлди. Халқимизнинг яратувчанлик салоҳияти ва маданиятини ўзида мужассам этган ушбу масканлар ёшлар маънавий камолотида муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
–Халқларимизнинг тили бошқа-бошқа бўлса-да, дили бир, урф-одат ва анъаналари ўхшаш, тарихи, маданият ва қадриятлари муштарак, – дейди Тожикистон халқ артисти Саидқул Билолов. – Ўзбекистонда ўтказиладиган Тожикистон маданияти кунлари маданий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тожикистон маданияти кунларининг очилиш маросими эртага Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бўлиб ўтади. Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида тожикистонлик мўйқалам усталарининг ижод намуналари кўргазмаси, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада тожик шоир ва ёзувчилари китоблари тақдимоти, адабий-бадиий учрашувлар, тадбирлар ташкил этилади.
Манба: ЎзА