Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон брендини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди

2017-10-11 | Жамият

Ҳар қандай мамлакатнинг барқарор ривожланиши унинг халқаро миқёсдаги нуфузи, инвестицион жозибадорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Буни бир сўз билан “мамлакат брендининг шаклланганлиги” тушунчаси билан изоҳлаш мумкин.

Пойтахтимизда 10 октябрь куни ўтказилган конференция мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш, иқтисодий манфаатларини халқаро майдонда илгари суришга қаратилган Ўзбекистон миллий брендини шакллантириш мавзусига бағишланди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро пресс-клуб вакиллари, экспертлар, журналистлар қатнашди. 

Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Бадарч Дендев ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон миллий брендини яратиш ҳамда дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан жой олишга қаратилган стратегик вазифалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш доирасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ўзбекистонда давлат бошқаруви, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсатида қўшни давлатлар билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш тамойили устувор вазифа сифатида белгиланди. Натижада Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли ва дўстона ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Айни шу жиҳат Ўзбекистоннинг ишончли сиёсий ва савдо-иқтисодий ҳамкор сифатидаги халқаро нуфузини юксалтиришнинг муҳим кафолатига айланди. 

Президентимиз жорий йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ёшларга оид глобал сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича билдирган таклифлари жаҳон жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Давлатимиз раҳбари олиб бораётган очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат Ўзбекистоннинг нафақат минтақадаги, балки халқаро даражадаги нуфузини юксалтиришда асосий омил бўлмоқда. 

Конференцияда бу каби жиҳатлар мамлакат брендини шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири – давлатнинг глобал ва халқаро жараёнларда фаол иштирок этиши тамойилига тўлиқ мос келиши таъкидланди. 

Муваффақиятли брендни амалга ошириш туризмни ривожлантириш, мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи ва ички сиёсатни фаоллаштириш, инвестициялар жалб қилиш, маданиятни илгари суриш ва халқ фаровонлигини таъминлаш каби бир-бири билан боғлиқ соҳаларни ривожлантиришни тақозо этади. 

– Ўзбекистон жаҳон бозорида миллий брендини илгари суриш борасида катта имкониятларга эга, – деди Б.Дендев. – Хусусан, мамлакатингизнинг бой маданий мероси, барқарор ривожланаётгани, халқингизнинг меҳмондўстлиги, тарихийлик касб этган шаҳарларнинг замонавий инфратузилмаси ва бошқа омиллар мавжуд. Юртингизнинг сўлим табиати, Самарқанд, Бухоро, Хива сингари тарихий шаҳарларингиз, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг бебаҳо мероси сайёҳларни ўзига жалб қилади. 

Анжуманда Ўзбекистон миллий брендини шакллантириш, бу жараёнда тўсиқ бўлаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш бўйича чуқур ўйланган стратегик ёндашувни олиб бориш зарурлиги қайд этилди. Мамлакат брендини шакллантиришнинг илмий-назарий жиҳатлари таҳлил қилинди. 

Тадбир сўнгида миллий брендни фаоллаштириш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этиш, мазкур жараёнга халқаро экспертларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться