Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Темир йўл логистикаси такомиллашмоқда
2017-10-11 | Жамият
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва транспорт воситаларини мониторинг қилиш “UzGPS” миллий тизими мутахассислари темир йўл транспортини мониторинг қилиш ва бошқариш бўйича геоинформатика тизимини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этди.
Унда қўлланилган энг янги спутник технологиялари поездлар ҳаракатини мониторинг қилиш жараёнини автоматлаштириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш орқали авария ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда барча транспорт турлари жадал ривожланаётганига қарамай, темир йўллар асосий оммавий юк ва йўловчи ташиш воситаси бўлиб қолмоқда. Темир йўл транспортининг хавфсиз ва барқарор ҳаракатланишини таъминлайдиган замонавий электрон тизим Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 августдаги “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган ягона аппарат-дастурий мажмуаси унсурларидан бири ҳисобланади.
Темир йўл транспортини мониторинг қилиш ва бошқаришнинг янги геоинформатика тизими тест синовларидан ўтиб, ўзининг юқори самарадорлиги ва барқарор ишлашини кўрсатди. Айни пайтда мазкур тизим юртимизнинг барча вилоятларида фаол жорий этилмоқда. Бу борада қабул қилинаётган ахборот ва янги технологиялар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг расмий сайти "www.railway.uz" да онлайн-табло жойлаштириш имконини берди. Унга кўра, йўловчилар нафақат “Afrosiyob” тезюрар поездлари жадвали билан танишиш, балки реал вақт режимида ҳаракатланиш таркиби ҳолати, поезднинг етиб келиш вақти ҳақида ҳам маълумотга эга бўлиши мумкин. “Afrosiyob” тезюрар йўловчи поездлари замонавий GPS/GLONASS-трекерлари билан жиҳозланган. Шунингдек, янги бепул мобиль илова яратилмоқда.
Темир йўл транспортини мониторинг қилиш ва бошқариш янги геоинформатика тизимининг амалиётга жорий этилиши диспетчерлар ва йўловчиларни хабардор қилиш орқали темир йўл транспортида хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва унинг хавфсизлик даражасини ошириш имконини беради.
Манба: ЎзА