Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Туркиядаги Элчиси ишонч ёрлиқларини топширди
2017-10-10 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алишер Агзамхўжаев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдоғанга ишонч ёрлиқларини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон Туркиянинг Марказий Осиё ва жаҳондаги муҳим ҳамкори эканлигини таъкидлаб, Туркия Президенти барча ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, 2016 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг кузатилган Ўзбекистон-Туркия муносабатларидаги ижобий динамика алоҳида қайд этилди. Пекин, Остона ва Нью-Йорк шаҳарларидаги икки давлат раҳбарларининг бўлиб ўтган учрашувлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мавжуд бўлган улкан имкониятларни амалга ошириш учун биргаликда ишлашга имкон берди.
Туркия давлати раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга бўлажак ташрифи муҳим ўринга эга эканлиги таъкидлар экан, ушбу ташриф Ўзбекистон-Туркия сиёсий мулоқотини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга янги туртки беришини қайд этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги