Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тест синовларини И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг профессор-ўқитувчилари ўтказди
2017-10-06 | Таълим
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида чуқурлаштирилган рус тилини ўрганиш курсларида таҳсил олаётган 810 нафар ўқувчи И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг “Ҳудудий тайёрлов курси”га қабул қилиниши учун тест синовларидан ўтказилди.
Тест синовларини И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг профессор-ўқитувчилари ўтказди.
Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва шерикчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети ўртасида тузилган ўзаро келишув меморандуми асосида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошида рус тилини чуқурлаштириб ўқитишга мўлжалланган тайёрлов курслари ташкил этилган эди.
Рус тилини ўрганиш бўйича уч ойлик тайёрлов курси учун тажрибали мутахассислар томонидан тайёрланган 120 соатлик ўқув дастури тасдиқланди. Ўқув курсларига олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан жами 38 нафар тажрибали ўқитувчи жалб этилди. Рус тили тайёрлов курсида ўқиш истагини билдирган 2 мингдан зиёд ўқувчидан саралаб олинган истеъдодли 810 ўқувчи тўғрисида электрон маълумотлар базаси шакллантирилиб, уч ой давомида дарслардан ташқари рус тилидан чуқурлаштирилган таълим берилди.
– Ўқиш давомида чуқурлаштирилган дарслар билан бирга, тажрибали мутахассислар билан учрашувлар ташкил этилди, – дейди Қарши ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Саидолим Мирзаев. – Уч ойлик ўқиш давомида рус тилида бемалол суҳбатлашадиган бўлдим. Бугун математика, физика ва рус тили фанларидан билимимни синовдан ўтказдим. Келажакда нефть-газ соҳасини пухта ўрганиб, мамлакатимиз саноати янада тараққий этиши йўлида хизмат қиламан.
Тестларни муваффақиятли топширган ўқувчилар И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг “Ҳудудий тайёрлов курси”га қабул қилинди.
Манба: ЎзА