Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мавсумга тайёргарлик: муаммо ва ечимлар
2017-10-06 | Жамият
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши томонидан “Уй-жой, коммунал хўжалиги соҳасидаги муаммо ва ечимлар: унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотларининг иштироки” мавзуида семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси Ҳ.Кетмонов ва бошқалар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш энг асосий вазифалардан экани, бунда партия ташкилотлари вакиллари фаол иштирок этиши лозимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 июндаги "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг ижроси юзасидан партия марказий кенгаши томонидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан ҳамкорликда куз-қишга пухта тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари режаси ишлаб чиқилди.
Мазкур режада аҳоли пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизмат соҳасида қабул қилинган қонунлар, қонун ости ҳужжатларининг мазмун моҳияти, аҳамиятини кенг аҳоли қатламига, барча тоифадаги истеъмолчиларга етказиш ва тушунтириш муҳим вазифа этиб белгилаб олинди.
Семинарда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 2 октябрь куни аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг ҳолати таҳлилига бағишланган йиғилишда кўрсатилган камчиликлар ва муаммолардан жиддий хулоса чиқариш кераклиги қайд этилиб, халқни рози қилиш ва турмуш фаровонлигини ошириш энг биринчи галдаги вазифа экани таъкидланди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда 4 минг 300 дан ортиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати фаолият кўрсатмоқда, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бўлим бошлиғи Раҳима Ортиқова. – Аммо бу ширкатларда кенг қамровли хизмат кўрсатиш, яъни бутлаш, таъмирлаш, тиклаш ва бошқа йўналишларда малакали мутахассисларининг етишмовчилиги мавжуд. Бу эса коммунал хизмат кўрсатиш жараёнида муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Тадбирда партиянинг жамоатчилик қабулхоналарига йил бошидан буён тушган мурожаатларнинг мингдан ортиғи айнан уй-жой, коммунал хизмат кўрсатилиши масалаларига оидлиги таъкидланди. Мавсумга тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, барча уй-жойлар, мактаб, шифохона ва бошқа ижтимоий объектларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлиги юзасидан муҳим вазифалар белгиланиб, ишчи гуруҳларга зарур кўрсатмалар берилди.
Манба: ЎзА