Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Узундара қалъасида амалга оширган жорий йилги тадқиқот ишлари якунлари ҳисоботи эълон қилинди

2017-10-05 | Жамият

Термиз археология музейида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти ва Россия Фанлар академияси Археология институти олимларининг Сурхондарё вилоятидаги Узундара қалъасида амалга оширган жорий йилги тадқиқот ишлари якунларига бағишланган ҳисобот тадбири ҳамда “Узундара – Бақтрия қўриқчиси”, деб номланган кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти, Россия Фанлар академияси Археология институти ва Термиз археология музейи ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда турли даврларга оид тарихий ёдгорликлар ва осори-атиқаларга бой Ўзбекистон ўтмишда ҳам илм-фан, меъморчилик, маданият, санъат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар юксак тараққий этган ҳудуд сифатида тарихчи ва қадимшуносларда катта қизиқиш уйғотиб келаётгани алоҳида таъкидланди. 

Сурхондарё вилоятида Япония, Россия, Чехия, Франция каби ўнга яқин давлат археологларининг мамлакатимиз олимлари ҳамкорлигида олиб бораётган изланишлари бунинг ёрқин далилидир. 

Россия Фанлар академияси Археология институти олимлари маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида узоқ йиллар вилоят ҳудудидаги Кампиртепа, Добилқўрғон, Ғозқалъа ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириб, қадимий бу юртнинг ўзига хос кўплаб қирраларини кашф этган. Беш йилдан буён улар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти олимлари билан Бойсун туманидаги Сувсизтоғ чўққиларида жойлашган Узундара қалъасида қазиш-тадқиқот ишлари олиб бормоқда. 

Сайроб қишлоғининг тоғ ён бағридаги Узундара ёдгорлиги ўтмишда Бақтрия ва Сўғдиёнани боғлаб турувчи йўл вазифасини ўтаган. Александр Македонский даврига оид бу ёдгорликдан топилган осори-атиқалар Эллин маданияти билан таништиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. 

– Бой тарихий манбаларга эга мустаҳкам тош қалъа ёдгорлиги тўлиқ очиб ўрганилди, – дейди Россия Фанлар академияси Археология институти экспедицияси раҳбари, тарих фанлари номзоди Н.Двуреченская. – Қалъа таркибига кирувчи мудофаа деворлари, тўғри тўртбурчак шаклидаги миноралар, мустаҳкам фортикация иншоотларида қазиш ишлари олиб борилди. Учта ертўлали маҳобатли қоя мажмуаси, унинг атрофидаги текис майдон, эни 9 метр бўлган мудофаа девори ва унинг ички йўлаклари, мазкур девор бўйлаб қурилган турар-жой, хўжалик хоналари, омбор ва хумхоналар ўрганилди. Чўзиқ тухум шаклида бунёд этилган қалъа қадимги Бақтрия ва Сўғд чегарасидаги мустаҳкам мудофаа қўрғони бўлган. Қўшма экспедициямиз бу ерда олиб борган қазиш-тадқиқот ишлари Бақтриянинг шимолий чегараси қадимги Амударё ўзанларидан эмас, балки Бойсун тоғларидан ўтганини яна бир марта исботлади. 

Ўзбекистон – Россия қўшма экспедицияси томонидан Узундарада очилган маъмурий ва ҳарбий раҳбарлар хоналари деворининг ички қисми горельеф ва геральдик тасвирлар билан безатилган. Ташқи томонидаги тош тахтачалари алебастр қоришмаси билан сувалган. Қалъа ҳудудидан археологик тўлиқ ванналар ва чўмилиш косалари, қуроллар мажмуаси, ҳарбийларнинг темир узуги, билакузук каби тақинчоқлар, бронза ва сопол чироқлар, пичоқ ва бошқа хўжалик анжомлари топилди. Бундай ноёб топилмалар Узундара ҳарбий чегара истеҳкомининг тарихини ўрганиш ва тиклашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Экспедиция аъзолари бу ердан 400 дан ортиқ найза учи, 300 дан зиёд палахмон тош, шунингдек, найзалар, бронза ва темир совут бўлаклари, от абзаллари топишган. 

Мутахассисларнинг фикрича, Узундара ўтмишда Бақтриянинг чегара пости сифатида ҳудудни ташқи хавф-хатардан қўриқлаб турган. Бу ердан чегара отрядлари Сувсизтоғ ва Дарбанддаги чегара ҳудудларни назорат қилган. 

– Тарихий ёдгорликдан қазиб олинган топилмалар Юнон – Бақтрия тарихини янада чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Термиз археология музейи директори З.Алимардонова. – Жумладан, Юнон – Бақтрия тарихини ўрганишда биринчи марта ишончли стратиграфик қатламдан минглаб шакллар ҳосил қилган сопол ашёлар парчалари олинган. Турли коса, пиёла каби ошхона анжомлари, сув идишлари топилган. Баъзи топилмаларда сақланиб қолган тамға ва ёзув бўлаклари қалъа аҳолисининг юнон тилидан фойдаланганига гувоҳлик беради. Музейимизда ташкил этилган кўргазмадан Антиох I ва Юнон –Бақтрия подшолигининг Диадотдан Гелиоклгача барча ҳукмдорлари тангалари ҳам ўрин олган. Мис ва кумушдан зарб қилинган тангалар сақланиши томошабинни лол қолдиради. Чунки улар қандай топилган бўлса, тозаланмасдан асл ҳолича намойиш этилмоқда. 

Кўргазмада милоддан аввалги II-I асрларга оид кўчманчи қабилаларнинг бронза, темир пайкон учлари, милоддан аввалги III асрга оид камон ўқининг таг қисми, найза маҳкамлагич қисми, палахмон тош, совут, темир ўроқ, милоддан аввалги III- II асрларга оид қўрғошин таёқча каби ноёб топилмалар ҳам мавжуд. 

– Кўргазма биз ўтмиши буюк халқ авлоди эканимизни кенг намоён этиб тургани билан аҳамиятлидир, – дейди Термиз давлат университети тарих факультети талабаси Д.Мўминов. – Бу ердан ўрин олган топилмалар қадимий юртнинг тараққиёт босқичлари ва аждодларимизнинг турмуш тарзи, бой маданияти, ҳарбий салоҳияти, Ватанга муҳаббати, халқига садоқатини янада чуқур ўрганишда бебаҳо хазина вазифасини ўтайди. 

Манба: ЎзА

Поделиться