Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси
2017-10-04 | Жамият
Жамиятимизда коррупцияга қарши курашиш, унга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу жараёнда шу мақсадга қаратилган қонунчилик ҳар томонлама мукаммаллаштирилмоқда.
Пойтахтимизда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси – коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида" мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза килувчи идоралар мутахассислари, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуродов, адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н.Жўраев ва бошқалар жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Бунда "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонун ҳамда Президентимизнинг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори муҳим ўрин тутмоқда.
Давра суҳбатида коррупциянинг олдини олиш ва унга чек қўйиш учун қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатларининг сифатини ошириш зарурлигига эътибор қаратилди. Буни амалга оширишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси жуда муҳим аҳамият касб этади.
Вазирлик ва идораларнинг норма ижодкорлиги борасидаги масъулиятини ошириш, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияген нормалардан ҳоли бўлишини таъминлаш зарур. Бу борада Адлия вазирлиги, вазирлик тизимига кирувчи идора ва муассасаларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.
Вазирлик ва идоралар тизимида ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.
Ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ҳамда Юристлар малакасини ошириш марказида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисидаги фанларни жорий этиш лозим эканлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Иштирокчилар фикрича, олий ўқув юртларини битириб, вазирлик ва идораларнинг юридик хизматларига янгидан ишга келган мутахассислар бу борада етарли тушунча ва кўникмаларга эга эмас. Қолаверса, вазирлик ва идоралар юридик хизматларининг аксарият ходимлари ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида амалий тажриба ва билимларга эга эмаслиги жиддий муаммолардан биридир.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигига Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш миллий стандартларига, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш талабларига ўзгартиришлар киритиш тавсия этилди.
Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда давлат ва хусусий шерикликни кўчайтириш, бу жараёнда жамоат ташкилотларининг ролини ошириш, уларнинг бу фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек, қонунларни қабул қилишда фуқароларнинг фаоллигини ошириш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.
Манба: ЎзА