Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзэкспомарказ”да “Ипак йўлида туризм” 23-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси очилди
2017-10-04 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг сайёҳлик фирма ва компаниялари, меҳмонхоналар мутахассислари, дипломатик корпус ва соҳа вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти юқори. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори натижасида туризм мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғига айлантирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ соҳа ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмоқда.
Фармонда ҳудудларнинг улкан туризм салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бу борада муҳим воситадир.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг лойиҳалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Д.Ильин ва бошқалар Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмаси изчил ривожланаётгани, ушбу соҳанинг янги лойиҳалар ва тармоқлар ҳисобига кенгайиб бораётгани, сайёҳларни жалб қилиш учун барча шароит яратилганини алоҳида қайд этди.
Маълумотларга кўра, жаҳон иқтисодиётида сайёҳлик соҳасидан келадиган даромад нефть ва кимё саноатидан кейин учинчи ўринда турар экан. Лекин туризм маҳсулотлари табиий бойликлар каби вақт ўтиши билан камаймайди, аксинча, оммалашиб бораверади. Шу жиҳатдан туризм битмас-туганмас даромад манбаи ҳисобланади.
Мамлакатимизда туризмнинг кўплаб йўналишлари учун имконият бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борадаги имкониятлардан тўла фойдаланишга кенг йўл очмоқда.
Юртимиз бой маданий-маънавий мероси, ўтмиш ва замон уйғунлашган шаҳарлари, юксак тафаккур ва турмуш тарзини ўзида акс эттирувчи урф-одату анъаналари, гўзал табиати, сўлим масканлари билан дунё сайёҳларини ўзига тортмоқда. Натижада Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Албатта, бунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувлик, халқимизнинг меҳмондўстлик фазилатлари, қолаверса, шинам ва хизмат кўрсатишнинг юқори сифатига эга меҳмонхоналар кўпайиб бораётгани муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан биргаликда халқаро сайёҳлик ярмаркалари, анжуманлар ва семинарлар ташкил этиб келмоқда. Бу мамлакатимизнинг сайёҳлик индустриясини янада тараққий эттириш, сайёҳлик соҳасидаги миллий брендни ишлаб чиқиш имконини бермоқда.
Туризм индустриясини анъанавий маданий-тарихий сайёҳлик билан бирга, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, ишбилармонлик туризми, спорт ва даволаниш-соғломлаштириш каби янги салоҳиятли турлар ҳисобига ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ҳудудларда янги турларни ташкил этиш ва уларни паспортлаштириш, туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш, қўриқхоналар, экомарказлар, биосфера резерватларини ўз ичига олган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, жаҳон жамоатчилигини юртимизнинг бой ва ранг-баранг маданияти, санъати, сайёҳлик соҳасини юксалтиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика хизматлари билан яқиндан таништириш, хорижий компания ва ташкилотларнинг инвесторлар учун яратилган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақидаги хабардорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Навбатдаги Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўзининг кўлами ва иштирокчилари сони, миллий стендларда намойиш этилаётган кўргазмалар миқёси ва мазмун жиҳатдан бойлиги билан ажралиб турибди. Қозоғистон, Жанубий Корея, Хитой, Таиланд, Миср, Сингапур, Малайзия, Озарбайжон, Буюк Британия сингари 32 мамлакатдан 50 дан зиёд фирма ва компания вакиллари иштирок этаётгани фикримизнинг исботидир.
– Мазкур тадбирнинг “Ипак йўлида туризм” деб номланиши ва Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас, – дейди Қирғизистон Республикаси маданият, ахборот ва туризм вазири ўринбосари Азамат Жаманқулов. – Зеро, Буюк ипак йўлида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар асрлар оша ўзбек халқининг ўзлигини намоён этувчи маданий мерос сифатида дунё афкор оммаси, сайёҳлар диққат-эътиборида бўлган. Мамлакатингизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ташаббуслари бутун Марказий Осиё минтақасининг туризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида йирик тармоқли меҳмонхона мажмуалари ҳамда хусусий отеллар, санаториялар, курортлар, логистика ва автотранспорт компаниялари, темир йўллар ва авиаташувчилар, туроператорлар, турагентлар, турбизнес ва бошқа сайёҳлик хизматларининг дастурий таъминотчилари, музейлар ҳамда дам олиш саноати корхоналарининг хизматлари намойиш этилмоқда. Ярмаркада маданий-тарихий, бизнес, спорт ва экологик саёҳатлар, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси, соғломлаштириш, гастрономик туризм каби йўналишларга оид бўлимларда сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишлари қамраб олинган.
Кўргазма миллий павильонидан мамлакатимиз барча ҳудудларининг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи тақдимот стендлари ўрин олган. Уларда ҳар бир вилоятнинг ўзига хос миллий маданияти, туризм имкониятлари намойиш этилмоқда.
Шарқ таомлари ўзининг ранг-баранглиги, тайёрлаш усули ва мазаси билан машҳур. Ярмарка доирасида анъанавий таом тайёрлаш усуллари намойиши – “Ипак йўли таъми” номли миллий таомлар фестивали ўтказилмоқда. Бу тадбир мамлакатимиз бўйлаб гастрономик сайёҳликни янада оммалаштиришга хизмат қилади.
– Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда фаол ривожланмоқда, – дейди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. – Қадимий ва боқий Бухоро, Шарқ гавҳари – Самарқанд, азим Тошкент ва осмон остидаги музей – Хива шаҳарларини томоша қилиш учун ҳар йили минглаб хитойлик сайёҳлар бу ерга келишмоқда. Мазкур ярмарка сайёҳлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ўрин тутади.
“Шарқ бозори” экспозицияси томошабинлар билан гавжум. Унда халқимизнинг савдо-сотиқ маданияти, миллий маънавият, ижодкорлик салоҳияти, меҳмондўстлик каби эзгу қадриятлари бор бўй-басти билан намоён.
“Hosted Buyers” (Профессионал харидорлар) дастури учрашувларида хорижий компаниялар раҳбар ва менежерлари мамлакатимиздаги сайёҳлик йўналишлари билан танишиш, Самарқанд ва Хива шаҳарларига саёҳатлар уюштириш, ҳамкорлик ўрнатиш ва манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлишмоқда.
Халқаро туризм ярмаркаси 5 октябргача давом этади.
Манба: ЎзА