Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Электрон судлов–адолатни таъминлашда самарали восита

2017-10-03 | Жамият

Одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани соҳада очиқликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йўналишдаги ишлар янада такомиллашмоқда. 

ЎзА мухбири мазкур қарор ижроси доирасида қилинаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров билан суҳбатлашди. 

– Биз яшаётган ахборот асри барча соҳалардан тезкорликни, инновацион иш юритишни тақозо этмоқда, – дейди Х.Ёдгоров. – Президентимизнинг суд тизимида ана шундай иш юритишни кенгайтириш мақсадида қабул қилган қарори янги имкониятлар яратди. 

Қарор билан 2017-2020 йилларда судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда судларда ишларнинг ўз вақтида кўрилиши устидан самарали назорат тизимини яратиш мақсадида уларнинг ишини автоматлаштириш ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни тизимлаштириш вазифаси қўйилди. 

Ахборот тизимлари ва ресурсларининг такомиллашуви, судлар тизимида ахборот хавфсизлиги ва хавфсиз электрон ҳужжат айланиши таъминланиши, судьялар ва суд ходимларининг компьютер саводхонлиги ва ўз ишида АКТдан фойдаланиш даражаси оширилиши, шубҳасиз, ишларни кўриш самарадорлигини янада оширади. 

– Айни пайтда суд тизимида ахборот-коммуникация воситаларидан қандай фойдаланилмоқда? 

– Судларга келиб тушаётган процессуал мурожаатларни кўриб чиқишни соддалаштириш, бу борада сансалорлик, бюрократизмга йўл қўймаслик мақсадида фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига E-Sud – миллий электрон судлов ахборот тизими жорий этилган. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги, БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида яратилган бу тизим мурожаат қилувчиларга қулайлик яратиш билан бирга, суд ходимлари томонидан ўз мансабини суистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам беришда муҳим омил бўлаётир. 

E-Sudга 75 фуқаролик ишлари бўйича судларнинг 60 га яқини уланган. Жорий йилнинг бошидан буён 210 мингга яқин ариза тизимга электрон шаклда келиб тушди ва қонун доирасида ҳал этилди. 

Тизим орқали ариза, шикоят ва бошқа ҳужжатларни судга электрон воситалар ёрдамида жўнатиш мумкин. Бу тарафларнинг оворагарчилиги, турли сансалорликлар, ортиқча қоғозбозлик ва бошқа сарф-харажатларга чек қўяди. 

Судга мурожаат қилган даъвогарлар иш билан боғлиқ процессуал жараёнлар, яъни ишнинг тайинланганлиги, қолдирилганлиги, тўхтатилганлиги ёки кўриш натижасида бирор-бир тўхтамга келинганлиги ҳақидаги маълумотлардан интернет тармоғидаги шахсий кабинети орқали хабардор бўлиши имконияти мавжуд. 

Суд фаолиятига оид статистик маълумотлар, ҳисоботлар ва шунга ўхшаш бошқа таҳлилий маълумотномаларни автоматик равишда тизимдаги дастур томонидан тайёрлаш механизми жорий этилди. Бу ҳисоб-китобдаги хатоликлар, муддатларнинг кечиктирилиши каби нохуш ҳолатларнинг олдини олмоқда. 

Судга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори ва даъво аризаси ҳамда аризаларга илова қилиниши талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати ҳам ушбу тизимнинг маълумотлар базасига киритилган. Судьялар томонидан қабул қилиниши мумкин бўлган 104 турдаги ажрим, 11 турдаги суд буйруғи ва 40 турдан ортиқ ҳал қилув қарорининг намунавий нусхалари ҳам тизимга киритилди. 

2017 йилда E-Sudни янада кенгроқ жорий қилишга эътибор қаратилди. Хусусан, Фарғона водийсидаги судлар 57 замонавий компьютер техникаси жамланмаси билан таъминланди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, миллий электрон судлов ахборот тизими ютуқлари бугунги кунга келиб жамоатчилик томонидан кенг эътироф қилинмоқда. Хусусан, БМТ Тараққиёт дастурининг барқарор ривожланиш натижаларига бағишланган глобал ахборотномасининг август ойидаги сонида E-Sudнинг имкониятлари ва афзалликлари тўғрисида махсус мақола нашр қилинди. Унда тизимга уланган судларда эришилган амалий натижалар хусусида қизиқарли маълумотлар берилган. 

– Суд тизими ахборот-коммуникация технологиялари билан қачон тўлиқ қамраб олинади? 

– Аниқ айтиш мумкинки, жорий йил охиригача E-Sud ахборот тизими мамлакатимизнинг барча фуқаролик ишлари бўйича судларида жорий этилади. Тизимни бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялаштириш ва фуқароларга янги интерфаол хизматларни яратиш борасида амалий ишлар давом эттирилади. 

Хусусан, суд қарорларининг ҳақиқийлигини текшириш имкониятини берувчи механизмларидан бири – QR Сode хизмати ишга туширилди. Айни чоғда дастурчилар томонидан E-Sud ахборот тизимининг кейинги босқичи, яъни тарафлардан апелляция ва кассация шикоятларини қабул қилиш, уларни кўриб чиқиш ва суд ҳужжатларини юбориш қисми ҳам ишлаб чиқилмоқда. 

Шунингдек, судларга давлат божи ва бошқа суд харажатларини электрон тарзда тўлаш имкониятини яратиш учун E-Sud ахборот тизимини Биллинг тизими, яъни UzKart ёки бошқа электрон тўлов тизими билан интеграциялаш, ортиқча вақт сарфланиши ва оворагарчиликнинг олдини олишга қаратилган калькуляция хизматини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Бу каби изчил ишлар, албатта, келгусида суд соҳасида замонавий тизимлар янада кенг жорий этилиши, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошишига замин яратади.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Поделиться