Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Профилактика инспекторларига хизмат уйи ва автомашина калити топширилди

2017-10-03 | Жамият

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдонда Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика инспекторларининг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, турли вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар, профилактика инспекторларининг оила аъзолари иштирок этди. 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва замон талаблари асосида ташкил этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини янгича асосда йўлга қўйиш юзасидан давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари қабул қилинди. 

Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, профилактика инспекторларига барча шароитга эга хизмат уйи ва енгил автомашина топширилмоқда. 

Самарқанд вилоятида 700 дан ортиқ профилактика инспектори фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз ҳудудларида осойишталик ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида мунтазам профилактика тадбирлари олиб бориши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу борада маҳалла фуқаролар йиғинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик яхши самара бераётир. 

Маросимда профилактика инспекторлари тантанали қасамёд қабул қилди ва уларга замонавий хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида харид қилинган янги автомашиналар калити топширилди. 

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Т.Жўраев, Республика “Нуроний” жамғармаси раиси Ш.Жалилов ва бошқалар Президентимизнинг алоҳида эътибори туфайли профилактика инспекторлари самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади. Уларнинг муносиб турмуш шароитида ҳаёт кечириши учун ўз хизмат ҳудудида уй-жой қуриб берилаётгани ва имтиёзли асосда шахсий автомобиль билан таъминланаётгани ана шу юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

– Бугун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойида, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ота-онам олдида тантанали қасамёд қилар эканман, касбимнинг нақадар шарафли ва масъулиятли эканини яна бир бор чуқур ҳис қилдим, – дейди Ургут туманидаги Чорраҳа маҳалласи профилактика инспектори Зикир Ҳусенов. – Маҳалла фуқаролар йиғини билан яқин ҳамкорликда фаолият кўрсатаётганим туфайли икки йилдан буён хизмат ҳудудимда жиноят содир этилмади. Лекин бу хотиржамлик учун асос бўлмайди. Давлатимиз томонидан биз учун шундай кенг имконият ва шароитлар яратилиб, уй-жой, енгил автомашина берилди. Энди туну кун аҳоли орасида бўлиб, хизмат бурчимизни янада сидқидилдан бажарамиз. 

Тадбирда профилактика инспекторларининг ота-оналари ва оила аъзолари ҳам сўзга чиқиб, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга, давлатимизга миннатдорлик билдирди. 

– Бугун бизнинг оиламиз учун унутилмас қувончли кун бўлди, – дейди Пастдарғом туманида яшовчи Зуҳра Юсупова. – Турмуш ўртоғим Исохон Жамиловга хизмат уйи ва автомашина калити топширилди. Шу пайтгача у киши яшаш жойимиздан анча узоқ масофага қатнаб ишлар ва бу ноқулай бўлиш билан бирга, бизни ҳам хавотирда ўтиришга мажбур қиларди. Энди турмуш ўртоғим фаолият кўрсатадиган ҳудудда барча қулайликларга эга уйда яшаймиз ва хизмат вазифасини бекаму кўст адо этишига ёрдам берамиз. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Бобожонов иштирок этди.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться